WBA 5 та махсус чемпионлик камарлари учун жанг ўтказади
Ads

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) президенти Жилберто Мендосанинг сўзларига кўра, ташкилот яқин беш жангга чемпионлик камарларининг махсус версияларини ишлаб чиқади.

Супер оғир вазн тоифасининг WBA Super, IBF ва IBO камарлари соҳиби Энтони Жошуа WBO чемпиони Жозеф Паркер билан махсус камар учун курашади. Шунингдек, ўрта вазнда WBC, WBA ва IBF чемпионлик камарларига эгалик қилиб келаётган Геннадий Головкин ва собиқ чемпион мексикалик Сауль Альварес қарама-қаршилида махсус мукофот ўртага қўйилади.

Бундан ташқари махсус мукофотлар енгил вазнда WBA чемпиони Хорхе Линарес ва иккинчи ярим енгил вазнда WBO чемпиони Василий Ломаченко ҳамда World Boxing Super Series мусобақасининг оғир ва суперўрта вазнларида ҳам бўлади.

Маълум бўлишича, чемпионлик камарлари бу жангчиларнинг ҳақиқатан ҳам кучли эканлиги ва унда жанг санаси ва жойи тилла ёзувлар орқали кўрсатилиши билан фарқланади.