
Хаби Алонсо “Реал” учун футболчи танлай бошлади
Европа матбуотида “Реал” раҳбарияти келаси мавсум олдидан бош мураббийи Карло Анчелотти ўрнига бошқа мутахассис тайинлаши ҳақида тобора кўпроқ ёза бошлади.
Сўнгги маълумотларга қараганда, италиялик мураббий ўрнини “Байер”да муваффақиятли ишлаб келаётган Хаби Алонсо эгаллаши мумкин.
“Қироллик клуби” испаниялик мутахассисни анчадан бери ҳамкорликка чорлаб келади. “Байер” раҳбарияти агар “Реал”да таклиф бўлса, Хаби Алонсонинг йўлини тўсмаслигини билдирган.
Хаби Алонсонинг ўзи ҳам “Реал”ни бошқаришга қарши эмас. Бир неча манбаларнинг таъкидлашича, испаниялик мураббий “Қироллик клуби” билан ўтказилаётган музокараларда ўзининг айрим талабларини очиқлаган.
Унга кўра, Алонсо мадридликлардан “Байер”даги шогирди Флориан Вирцни трансфер қилишни сўрагани айтилмоқда. 21 ёшли ҳужумкор футболчи “Байер”нинг муваффақиятларига катта ҳисса қўшиб келмоқда.
Вирц Хаби Алонсо қўллаётган ўйин услубида асосий фигуралардан бири ҳисобланади. Аслида бу ўйинчини Европанинг бир неча грандлари қатори “Реал” ҳам анчадан бери кузатиб келади.
Фикрлар