"Хафсалам пир бўлди, биринчи хатоим..." - Бахтиёр Ашурматов "Турон"дан кетишини оғир қабул қилди. Боиси...
Хабарингиз бор, яқинда Яйпаннинг “Турон” жамоасида бош мураббий ўзгарди. Ғалабасиз ўйинлар сабабли Бахтиёр Ашурматов истеъфога чиқарилди.
Ўтган йилнинг ярмида клубда иш бошлаган Бахтиёр Аъзамович жамоани Суперлигага қайтаришга эришди. Лекин элитада бу мураббийга “Турон”ни бошқариш узоқ насиб қилмади. Истеъфога чиққанидан кейин Ашурматов билан суҳбатлашдик.
- Бахтиёр Аъзамович, истеъфоингизни қандай қабул қилдингиз?
- Гапнинг очиғи, истеъфони оғир қабул қилдим. Чунки “Турон” жамоасидаги ишимдан умидим катта эди. Бор вужудим билан ишлаётгандим. Афсус, натижа бўлмади. Бухорога бориб келгандан кейин Тошкентдан Яйпанга машғулотлар ўтказиш учун кетаётганимда клуб директори қўнғироқ қилиб шунақа қарорга келинганини айтди.
- Бу қарор хафсалангизни пир қилдими?
- Рости, бу қарордан кейин хафсалам пир бўлди. Қўқондан ишдан кетганим, айрим жамоалардан охиригача курашмасдан осон ишдан кетганим хаёлимдан ўтди. Ҳар бир жамоадаги ишни қадрига етиш керак экан. Охиригача курашиш имкони бўлганида айрим жамоалардан ўзим ишдан кетдим, охиригача курашаман деганимда имкон бўлмади. Ўзи натижа бўлмаганлиги сабабли ишдан кетиш эҳтимоли бор эди. Мураббийлар штаби билан гаплашганимизда ҳам “Нефтчи” билан учрашув охирги имкониятимиз дегандим. Бу хабарни эшитганимда “Нефтчи”ни ютмасак кейин ишдан кетаман деб ушбу ўйин билан охирги имконият сўраган эдим. Лекин қарор чиқариб бўлдик, дейишди. Гапни очиғи, жамоа раҳбарлари олийжаноб инсонлар. Футбол ривожланиши учун катта меҳнат қилишяпти. Шу инсонлар учун ҳам вазиятни тўғрилаш керак, Худо хоҳласа чиқиб кетамиз деган ишонч бор эди. Лекин истеъфо мураббийлар қисматида бор. Натижа бўлмаса ҳеч ким мураббийни сабр қилиб кутиб ўтирмайди, мураббий алмашиши тўғри қарор деб билишади.
- Аслида қаерда хатога йўл қўйдим, деб ҳисоблайсиз?
- Биринчи хатоим селекция жараёнида бўлди. Бир-иккита таркибимизни кучайтирадиган, меҳнаткаш футболчиларни жамоага ололмадим. Сўнгра легионерларни ҳам кеч қабул қилдик. Кейинги хатоим айрим ўйинчилар бўйича кўнгилчанлик қилдим. Ўйини Суперлигага тортмасада, ўтган йилги меҳнати эвазига жамоада олиб қолдим. Шунинг ҳисобига айрим позициялар кучсиз бўлиб қолди. Биринчи ўйинларда мураббийлар штаби таркиб танлашда адашдик деб ўйлайман. Биринчи ўйинларни иккита ҳужумчи билан бошлашимиз керак эди. Лекин “Турон”даги ишим мен учун катта тажриба бўлди. Жуда катта сабоқ олдим.
- Сиздан кейиноқ “Турон” “Нефтчи”га қарши ўйинда дуранг ўйнаганди. Ўша баҳс ҳақида нима деган бўлардингиз?
- “Нефтчи” билан ўйинни кўрдим. “Нефтчи” бу йил ажойиб қатнашяпти. Лекин ҳар бир жамоани ютса бўлади. Дурангга ҳайрон қолганим йўқ. Чунки “Турон” жамоасини потенциали бор. Жамоа Суперлигада юқори ўринларга кўтарилиб олиш салоҳиятига эга.
- “Турон” директори Аҳмадалиевнинг айтишича, истеъфоингиз ҳақидаги қарор анча аввал қабул қилинган экан, фақат кечроқ эълон қилдик деди. Бу хусусида нима дейсиз.
- Жамоамиз директори айтган гапи тўғрими, билмадим. Лекин истеъфони эшитишимдан олдин Абдуваҳобжон билан бирга Бухорога бордик, суҳбатлашдик, бирга ўтириб чой ичдик. Ўзи билан гаплашганимда “Нефтчи” билан охирги имкониятимиз деб айтдим. “Нефтчи”ни ютмасак ишдан кетаман дедим. Тўғри, қониқарсиз натижа деб бир-иккита жамоаларда мураббийлар ўзгарди. Ўтган йилги меҳнатимиз, қийин вазиятдан Суперлигага чиққанимиз сабабли яна битта имконият бўлади деб ўйладим. Масъулиятни ҳис қилган ҳолда ўйинга тайёргарлик кўраётган эдик. Лекин раҳбарларни қарорини ҳурмат қиламан ва “Турон” жамоасига омад тилайман.
- “Турон” мураббийларни тез-тез ўзгартиради. Клуб лойиҳасининг келажагига ишонса бўладими ёки...
- Мен ўйлайманки, мураббий тез алмашиши натижа келтириши қийин. Мураббийга вақт керак. Раҳбарлар “Турон” жамоасини ривожланиши учун катта меҳнат, катта маблағ сарфлашяпти. Лекин клуб тизимига футболни яхши тушунадиган, клуб ривожланиши учун нимадир бера оладиган, раҳбарларни пулини тўғри йўналтира оладиган мутахассис керак. Ўтган йили ишлаган Александр Азимов жамоани манфаатини ўйлайдиган инсон эди. Клубнинг ҳозирги директори Абдуваҳобжон Аҳмадалиев ҳам катта ҳажмдаги ишни бажаряпти. Лекин ёлғизланиб қоляпти. Уларга Худодан куч-қувват ва омад тилайман. Агар клубда ўз ишини мутахассиси ишласа “Турон” келажаги бор жамоа. Ишлаган пайтимда менга ишонч билдирган жамоа раҳбарларига, клубнинг ходимларига, “Турон”нинг ажойиб мухлисларига ва албатта “Турон”га бу йилги мавсумда омад тилайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар