Халқаро йиғин ёш хоккейчилар учун катта мактаб бўлди
1 август куни пойтахтимизда бошланган “Осиёлик ёш хоккейчилар учун ўқув-машғулот йиғини” лойиҳаси ўз якунига етди. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида қишки спорт турларида юртимизда илк бор ўтказилган бундай йирик дастур якунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда МОҚ раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов ва Шерзод Ташматов, Халқаро муз устида хоккей федерацияси (IIHF) вице-президенти Айваз Омарканов, Ўзбекистон хоккей федерацияси Ижрочи директори Элбек Маҳмудов, Осиё Олимпия кенгаши масъул вакили Тони Тарраф, шунингдек, тадбирда қатнашган ёш хоккейчи ва мураббийлар иштирок этишди.
Даставвал расмийлар йиғинни муваффақиятли якунлаб олишгани билан ёш хоккейчиларни қутлашди. Хусусан, Айваз Омарканов йиғин юқори савияда ташкил этилгани, буни ёш хоккейчиларнинг қувончга тўла кўзларидан билиб олиш мумкинлигини таъкидлади. Ўз навбатида, Равшан Ирматов хоккей спортида бундай катта масштабдаги лойиҳани ўтказиш учун ҳар томонлама тайёргарлик кўрилгани, ушбу йиғин ёш спортчиларнинг профессионал атлет бўлиб етишишлари йўлида муҳим мактаб бўлишини билдирди.
Тадбир давомида ёш спортчилар ҳам сўз олиб, хоккейни ўзлари учун янгидан кашф этишгани, машғулотлар давомида уларга барча шароитлар яратиб берилгани хусусида гапиришди. Шунингдек, ҳар бир иштирокчига йиғинда муваффақиятли қатнашишгани ҳақида сертификатлар топширилди.
Эслатиб ўтамиз, 1-7 август куни ташкил этилган ушбу лойида қитъамизнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан 100 нафардан зиёд спортчи иштирок этди. Уларга ҳар бир амплуа бўйича бириктирилган экспертлар сабоқ беришди.
Фикрлар