Хави Сардор Рашидовга қўнғироқ қилди ва...
Мақоладаги сарлавҳа дарҳол эътиборингизни тортди-а? Бу ерда ёлғон ёки алдов йўқ, барчаси ҳақиқат. Қатарда фаолият олиб бораётган ҳамюртимиз Сардор Рашидов ўша барчамизга маълум-у, машҳур бўлган Хавининг эътиборини ўзига қаратди.
Аввало легионеримиз билан боғлиқ вазиятга чуқурроқ кириб борадиган бўлсак, яхши биласиз, айни пайтда Қатар юлдузлар лигасида тўп сураётган ягона ҳамюртимиз ҳисобланади. 2019 йилдан бери “Қатар СК” шарафини ҳимоя қилиб келяпти. Ўтган вақт давомида Рашидов ушбу жамоа сафида 16 та учрашувда 5 та гол урди. Яқинда эса Қатар юлдузлар лигасида янги мавсумга старт берилди. Дастлабки учта турда эса, “Қатар СК” иккита мағлубият ва бир ғалаба қозонган ҳолда 8-ўринни эгаллаб турибди. Рашидов шубҳасиз жамоасининг асосий ижрочиларидан бирига айланган.
Яқинда хабар берганимиздек, Сардорнинг ушбу клуб билан тузган шартномаси тугаганди, аммо “Қатар СК” раҳбарияти ҳамюртимиз билан музокара олиб борган ҳолда янги шартнома имзолаганди. Натижада ҳамюртимиз янги мавсумни ҳам яна “Қатар СК” сафида бошлаганди. Бироқ эндиликда вазият ўзгариши кутилмоқда.
Гап шундаки, Қатарнинг энг машҳур, кучли ва совриндор клуби ҳисобланган “Ал Садд” томонидан Рашидовга жиддий қизиқиш бўлмоқда. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, клуб бош мураббийи Хави ўзбекистонлик плеймейкерни ўз жамоасида кўришни жуда-жуда хоҳламоқда. Шу мақсадда у ҳамюртимизга қўнғироқ қилган ва футболчимизни “Ал Садд”да кўрмоқчи эканлигини билдирган ҳолда таклиф билан чиққан.
Бир қарашда бу легионеримиз учун жуда яхши чорлов. Чунки Хавидек мутахассис унга бежизга қизиқмаган. Қолаверса, у Қатар чемпионатида футболчи сифатида фаолият олиб борганида ҳам бир неча бор Рашидов билан тўқнаш келган ва унинг ўйинларини жуда яхши эслаб қолган. Шу сабабли Хави янги шакллантираётган жамоасида Сардор Рашидов режасининг бир қисмига айланишини истамоқда. Ҳаттоки, испаниялик мураббий легионеримизга қўнғироқ қилишдан ташқари унга илиқ фикрлар битилган смс ҳам ёзган. Бу борада Рашидовнинг ўзи sports.uz сайтига маълум қилди ва чиндан ҳам “Ал Садд”дан таклиф бўлаётганини тасдиқлади.
Хабарингиз бўлса, Хави яқинда ўз жамоасига испаниялик яна бир таниқли футболчи – Санти Касорлани ҳам олиб келганди. Индивидуал жиҳатдан ҳам катта тажрибага эга бўлган ва ҳар қандай жамоа ўйинини кучайтиришга қодир бўлган Рашидовни айнан Касорла билан бир жамоада кўришни истаётгани, жамоасининг ҳужумларида ранг-барангликни яратиш учун иккисининг ўйини балки Хавини жиддий қизиқтириб қўйган бўлиши ҳам мумкин. Акс ҳолда у футболчимизга жиддий қизиқиш билдирармиди?
Умуман олганда, Хави Қатарга кўчиб ўтганидан бери Осиё футболи ва шу жумладан Ўзбекистон ҳақида ҳам етарли маълумотларга эга бўлиб бормоқда. Чунки у бир неча бор клубларимизга қарши ҳам ўйнаган. Илгари эса унинг “Пахтакор” етакчиси Жалолиддин Машариповга қизиқиш билдиргани ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалганди. Аммо “Пахтакор” расмийлари “Ал Садд”дан расмий таклиф бўлмагани ҳақида айтишганди. Лекин Сардор Рашидовга таклиф билан чиққани ишончли. Буни легионеримиз ҳам тасдиқлагани ҳақида боя айтдик.
Хўш, энди воқеалар ривожи қандай тус олади? “Қатар СК” футболчимизни қўйиб юборадими? Унутмаслик керакки, бундай етакчи уларнинг ўзларига ҳам керак. Бу ёғи эса музокараларнинг қандай кечишига боғлиқ. Бунинг устига “Ал Садд” айни пайтда марказлашган ҳолда ўтказилаётган Осиё Чемпионлар лигасидаги иштирокини давом эттирмоқда. Бизга маълум бўлишича, ОЧЛдаги ўйинларини ўтказиб бўлишгач, Рашидов масаласи ҳал этилиши кутилмоқда. Дарвоқе, яна бир гап: бизнинг футболчимизга қизиқиш билдираётган бу биргина “Ал Садд” эмас. Бундан ташқари, яна бошқа чемпионатлардан таклифлар ҳам борлиги аён бўлиб бормоқда. Асосийси, Сардорни ўз сафида кўришни истаётганлар кўп.
Рашидовнинг фаолиятида эса Қатардаги иштироки катта аҳамият касб этади. Бу ерга у илк бор 2015 йили келган ва ўшанда “Ал Жаиш” жамоасининг аъзосига айланган ҳолда ушбу клубда франциялик Сабри Лямуши қўли остида бир-биридан ажойиб ва унутилмас ўйинларни ўтказганини футболчимиз ширин хотиралар билан эслайди. “Ал Жаиш” сафида икки йил давомида 48 та ўйинда майдонга тушиб рақиблар дарвозасига 23 та гол урганди. Шундан кейин унинг “совчи”лари янада кўпайиб кетганди ва қатор таклифлар орасидан у БААнинг “Ал Жазира” клубини танлаганди. Бунга сабаб “Ал Жазира”нинг клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиши Сардорни жиддий қизиқтириб қўйганди. Ҳолбуки, ўша пайтда БААнинг яна бир етакчи жамоаси – “Ал Айн” томонидан ҳам таклиф бўлганди. Лекин футболчимизнинг “Ал Жазира”даги фаолияти ўзи истагандек чиқмади. Бунга сабаб мураббий билан боғлиқ эди. Хуллас, кейин футболчимиз Тошкентга қайтиб "Локомотив”да ўйнаб турди. Сўнгра трансфер ойнаси очилган пайтда Португалиянинг “Насьонал” жамоаси билан келишувга эришди. Бу ҳам ўзига яраша муҳим воқелик эди. Сардор Португалия чемпионатида ўйнаган илк ўзбек футболчисига айланганди. 7 та учрашувда 3 та гол урган футболчимиз у ернинг ташқи муҳити сабабли ўзини ноқулай ҳис қилди. Шундан сўнг у яна Қатарга қайтишга қарор қилган. Қолгани эса энди ўзингизга маълум. Биз футболчимиз билан боғлиқ воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Фикрлар