Хайрулла Ҳамидов Самарқанднинг қалъаси мустаҳкам, энг зўр тўқнашув ва темирйўлдаги тўсиқ ҳақида (2-қисм)

Хабарингиз бор, кеча Суперлигада 8-тур ўйинлари ортда қолди. Унда кутилмаган натижалар билан бирга эътиборни тортадиган ҳолатлар ҳам кузатилди. Булар ҳақида "Спорт" телеканали шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов ижтимоий тармоқдаги ўзининг саҳифасида "8-турдан кейинги хулосаларим" дея номланган мақоласини эълон қилди.

Хайрулла Ҳамидов жанубнинг уйғониши, кутилган ҳодиса, Қаршига яхшигина қаршилик ва тақвимнинг фарқи йўқ жамоа ҳақида (1-қисм)

САМАРҚАНДНИНГ ҚАЛЪАСИ МУСТАҲКАМ

ДИНАМО – АГМК – 1:0

Ҳа, таркиби про-лига бўлиб ётган “Динамо” ўз мухлисларини хурсанд қилишда давом этмоқда. Даврон Файзиев қўл остидаги камтар масаллиқдан ажойиб таом тайёрламоқда.

Самарқандликларни Самарқандда ҳеч ким мағлуб эта олмаяпти. “Навбаҳор” билан кечган драматик ўйиндан сўнг жамоа Андижонда яна бир драмага қўл урган, бироқ барибир мухлисларига анчадан буён ғалаба тақдим этмаётганди. Жиззах мағлуб этилган оқшомдан кейинги қурбон – АГМК. Олмалиқ жамоаси ўзига кела олмаяпти. Орадаги битта ғалаба Қосимов шогирдлари кайфиятини яхшиламади. “Бунёдкор” ва “Насаф”дан қабул қилинган зарба жуда оғир келган, шекилли...

“Пахтакор” стадионига боришдан аввал АГМК “Сўғдиёна”ни қабул қилади ва мухлислар шу ўйиндангина уч очко умид қилиб турган бўлишса, ажабмас.

“Динамо” эса, “Локо” билан беллашишдан аввал Бухорога боради, “Қизилқумни” қабул қилади ва Қўқонда ўйнайди. Файзиев мана шу ўйинлардан беш-олти очко тортиб олса керак.

ЭНГ ЗЎР ТЎҚНАШУВ

ПАХТАКОР – НАВБАҲОР – 2:2

Энг зўр ўйинни охирида бермаётганимизга сабаб бор, навбати келганда айтамиз. Ҳозир эса, учрашувнинг ўзига тўхталадиган бўлсак, шундай бўлиши кутилган эди: “Пахтакор” кучлироқ ўйин кўрсатиши, “Навбаҳор” муносиб жавоб бериши, мухлислар шовқин-сурони ва ҳакамлар ҳақидаги қандайдир гап-сўзлар...

Шахсан мен учун Зокир Қодиров ўйинни ёмон бошқармади. Тўғри, тизгин баъзи вазиятларда қўлидан чиқиб кетгандир, аммо “Пахтакор” стадионидаги бундай тўқнашувда ким ушлаб тура олади? Шунингдек, ҳакамнинг хато қарорлари ўйин тақдирига жиддий таъсир ўтказди, деёлмайман. Пенальтига шубҳам йўқ. Сариқ карточкаларни ўз вақтида берди.

Аут... Тўғри, ёш бола ҳам биладиган қоида. Бироқ, бу қадар шовқинда инсоний фактор билан ҳам хато қилиши мумкин. Айниқса, у голли вазиятга алоқаси бўлмаса, жиддий олиш шартмас. Майли, нима бўлганда ҳам Зокир Қодиров четлатилди. Ўйин эса, мухлислар учун турнинг ажиб лаҳзаларини тақдим этди. “Навбаҳор”нинг камбэки бизга ЕЧЛдаги инглиз клубларини эслатиб юборди. Наманганлик футболчиларни ўша камбэкка ундаган мухлислари бўлади. Шуларнинг ҳаққи-ҳурмати Канчельскис шогирдлари иродали футбол кўрсата олишди. Касьян ва Ўрунов рақиб жамоаси юлдузлари даражасида ўйнаб беришди. Очиғини айтганда, натижа ўйинга мос бўлди. “Навбаҳор” ҳисобни тенглаштира олгани учун ҳам ютқазишга ҳаққи йўқ эди.

Кейинги турларга қарайдиган бўлсак, “Навбаҳор” “Металлург” билан осон бўлмаган ўйин ўтказади ва сўнг водий дербисида “Андижон”ни қабул қилади. Уйдаги икки ўйинда катта саҳнада яна наманганлик мухлислар, шубҳасиз...

ТЕМИРЙЎЛДАГИ ТЎСИҚ

МЕТАЛЛУРГ – ЛОКОМОТИВ – 0:0

Ҳа, “Локомотив” пешқадамнинг очко йўқотганидан унумли фойдаланиши кутилган эди. Бироқ, “Металлург” доимгидек тишини кўрсатди. Учрашувнинг бир соатини темирйўлчилар бир ўйинчисиз ўтказишди. Ҳисоб очилмади натижада. Фёдоров шогирдлари “Пахтакор” билан уч очколик фарқни қисқартира олишмади. Кейинги турларда мамлакатимиз чемпиони ўйини билан кўпчиликнинг суюклисига айланиб қолган “Бунёдкор” ва “Насаф” билан баҳс юритади. Бекободликлар эса, Наманганга ташриф буюришади. Канчельскис жамоаси билан бир очколик фарқ борлигини ҳисобга олсак, 9-турда кўпроқ ўша баҳсга эътиборимизни қаратамиз. Зўрроқ ўйинлар олдинда, шекилли?!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!