Хайрулла Ҳамидов: Сўнгги дақиқалардаги заифлигимизни, Исроилнинг ўйинни ҳал қилиш учун қаратилган интилишларини ҳакамни танқид қилароқ хаспўшламайлик
Ўзбекистон терма жамоаси 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати нимчорак финалида Исроил билан куч синашди. Унда вакилларимиз 0:1 ҳисобида рақибга имкониятни бой бериб қўйди.
Исроил футболчиси Анан Ҳалалининг 90+7-дақиқада урган голи беллашув тақдирини ҳал қилди. Шу тариқа, вакилларимиз ўз юришини нимчорак финалнинг ўзида тарк этадиган бўлди.
Ушбу мағлубиятдан сўнг таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов телеграмдаги саҳифасида терма жамоадаги муаммо ва камчилик ҳақида фикр билдирди.
- Булар японларни бир кам ўйинчи бўлиб камбэк билан ютволган эди, 11га 11 қолганида охирги дақиқалар аниқ хавф бор эди.
Лекин бу футбол. Келажак учун сабоқ бўлади. Ўсиш учун йигитларга унутилмас сабоқ беради. Бошни тик кўтариб қайтаверишсин, мундиалга чиқиш, плей-оффда ўйнашдек вазифа ҳам аслида катта эди.
Биз эса Европа футболига юзланамиз яна. Начора, - деди шарҳловчи.
Хайрулла Ҳамидов фикрларини давом эттирар экан у мағлубиятда фақатгина ҳакамларни айбламай, хатони ўзимиздан излаш кераклигига эътибор қаратди.
Ўзбекистон терма жамоаси Исроилга қай тарзда имкониятни бой берди? Мағлубият омили нимада?
- Сўнгги дақиқалардаги заифлигимизни, Исроилнинг ўйинни ҳал қилиш учун қаратилган интилишларини ҳакамни танқид қилароқ хаспўшламайлик.
Футбол жисмоният ва руҳият ўйини. Рақибимиз ўз вақтини жуда ақлли тарзда кутди ва гол учун борини берди. Голни такроран кўриб чиқинг!
Ҳакамни гапирсак, асл муаммоларни беркитиб берган бўламиз, тайёр баҳона топиб берамиз. Ундан кўра овертаймни кутган термамизнинг асл ҳолини гапирайлик. Шунда ҳаммага яхши бўлади, - деди Хайрулла Ҳамидов.
Фикрлар