Хомяков қирғиз ёшлари мағлуб этилгани, Кубок қуръасидаги рақиблар ва "Насаф"га қарши ўйин олдидан қандай фикрда?
“Андижон” – Қирғизистон U20 (3:0) жамоалари иштирокидаги учрашувдан кейин “Бурутглар” бош мураббийи Александр Хомяков клуб матбуот хизматига интервью берди.
- Александр Андреевич, аввало, учрашув ҳақида фикрингиз қандай?
- Ўйлайманки, ёмон ўйин бўлмади. Рақибимизга шу ерга келиб биз билан ўртоқлик учрашувида қатнашгани учун раҳмат. Яъни, Қирғизистон U20 терма жамоаси рози бўлиб, биз билан ўйнаганига хурсандмиз. Қизиқарли беллашув бўлди. Бир қатор вазиятлар яратдик. Улардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдик. Тайёргарлик учун жуда яхши ўйин бўлди, деб ўйлайман.
- Ўйиндан ва натижадан кўнглингиз тўлди, шундайми?
- Умумий маънода яхши дейишим мумкин. Футболчиларимизга раҳмат айтаман. Назорат ўйинида қандай талабни қўйган бўлсам, улар барчасини бажаришди. Шу сабабли учрашувдан қониқдим, десам бўлаверади.
- Кейинги турда “Андижон”ни “Насаф”га қарши жиддий ўйин кутяпти. Мухлислар ҳам ушбу баҳсни орзиқиб кутишмоқда...
- Бу ўйинда бизда қандай масъулият борлигини тушуниб турибмиз. Яхши тайёргарлик кўряпмиз. Бу оддий ўйин эмас. Учрашувгача яна бир неча кун бор. Қилишимиз керак бўлган ишларни бажариб оламиз. Ишқибозларимизни хурсанд қилиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
- Ўзбекистон Кубогига қуръа ташланди. Барча “Андижон” жой олган гуруҳни “ўлим гуруҳи” деб ҳисобламоқдалар. Шундай рақибларни кутганмидингиз? Фикрингиз қандай?
- Йўқ, мен бунчалик даражадаги гуруҳга тушамиз, деб ўйламагандим. Рости, бизга қайси клублар тушишини тахмин ҳам қилмагандим. Кубок баҳсларида рақибларимизга қарши кучли ўйинлар бўлади. Футболда айтилганидек, кучлилар ғалаба қозонади.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар