Хорижлик экспертлар Ҳусанов трансфери туфайли кескин фикрлар билдиряпти
Қишки трансферлар ойнасининг бугунги кундаги ҳақиқий қаҳрамони Абдуқодир Ҳусанов бўлиб турибди. “Ланс”да ўйнаб келган легионеримизнинг 50 миллион евро эвазига “Манчестер Сити”га ўтиши жуда кўплаб мухлису мутахассислар томонидан муҳокама қилинмоқда.
Хусусан, россиялик экспертлар вакили ўзбек футболчисининг Англия Премьер-лигасига ўтиши жуда катта воқеа экани, мамлакат селекционерлар ўта иқтидорли ўйинчини ўз вақтида пайқай олмаганини таъкидламоқда.
Sports.uz портали Россия футболида ўз номига эга машҳур мутахассисларнинг Абдуқодир Ҳусанов трансферига муносабатини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
Валерий Кечинов, “Пахтакор” ва “Спартак Москва” клублари собиқ футболчиси:
Абдуқодир Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га трансфери тасдиқланган кун Ўзбекистон учун оламшумул воқеа бўлади.
Чунки ўзбек футболчиси Европанинг энг қудратли жамоалариан бирида тўп тепади.
Юрий Сёмин, таниқли мураббий:
Ҳусановнинг “Манчестер Сити”га трансферидан ҳайратланди. Россия Премьер-лигасидан ҳеч ким унинг иқтидорини вақтида пайқай олмаган экан. Ҳеч бир спорт директори ёнгинамизда вояга етган талантни кўрмаган. Мана энди у 50 миллион евро эвазига “Манчестер Сити”да ўйнайди.
“Ланс” атиги 100 минг еврога олганди. Французлар қанча ишлаб олганини бир ўйлаб кўринг! Бу пайт бизнинг жамоалар қаерда эди?
“Спартак”да кўп хорижлик мутахассислар ишлади, айримларининг иши ёмон эмасди. Лекин клубда ишлаб келган барча спорт директорларига саволим бор. Сизлар Абдуқодир Ҳусановнинг Беларусдаги ўйинларини кузатмаганмисиз?
Катта эҳтимол билан эътибор ҳам қаратмагансиз. “Спартак” ўзининг моддий имкониятлари билан икки йил олдин бу футболчини 100 минг еврога бемалол харид қила оларди-ку.
Юрий Белоус, “Локомотив Москва” клуби собиқ вице-президенти:
Бизнинг клублар Абдуқодир Ҳусановнинг иқтилорини кўра олмагани селекция хизматларининг даражаси қандай эканини кўрсатиб қўйди. Бизникилар учун Сибирда ўсган ва “Монако”да натижа бераётган ўйинчини топишдан, Беларусь чемпионатидаги иқтидорли ўйинчини кўришдан Илични 25 миллион еврога сотиб олгани осонроқ.
Ўзбекистонда рус тилини биладиган одамлар яшайди. Бизда агар ўйинчи Қирғизистон ёки Ўзбекистондан бўлса, кўпчилик уни жиддий қабул қилмайди.
Таъкидлаш жоизки, 20 ёшли Абдуқодир Ҳусанов Европа юлдузи даражасига жуда тез кўтарилди. “Бунёдкор” академиясида тарбияланган футболчи профессионал фаолиятини юртидан анча олисди – Беларусь чемпионатида бошлади.
“Энергетик-БГУ” ҳамюртимизнинг истеъдодини тўғри баҳолай олди ва унга ўзини кўрсатиш учун имкон берди. Бу жамоада профессионал даражада бир йил ўйнаган Ҳусановни “Ланс” 2023 йилнинг ёзида ўз сафига қўшиб олди.
Энди Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси ўз маҳоратини дунёнинг энг нуфузли футбол турнири ҳисобланган Англия Премьер-лигасида кўрсатишга тайёргарлик кўрмоқда.
Фикрлар