Хуршид Ғиёсов: "Жамоага мослашув жараёни мен ўйлаганимдан осонроқ кечди"
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ҳисобланган Фарғонанинг “Нефтчи” клуби Туркиянинг Анталия шаҳрида ўқув-машғулот йиғинларини олиб бормоқда.
Хабарингиз бор, “Нефтчи” таркибини янада бойитиш ва кучайтириш учун селекция ишлари давомида янги трансферларни амалга оширди. Таклиф қилинган ҳамда шартнома имзолаган ўйинчилар орасида Хуршид Ғиёсов ҳам борлигини яхши биласиз.
ОКМКда муваффақиятли мавсумларни ўтказган Ғиёсов ўз жамоасининг ҳақиқий етакчисига айланганди. Эндиликда у янги мавсумда чемпион жамоа сафида тўп суришга қарор қилди. Ҳозирда у янги клуби билан Анталия йиғинида фаол иштирок этяпти.
Куни кеча клуб матбуот хизмати Ғиёсовнинг дастлабки фикрлари билан қизиқди.
- Машғулотлар ҳар куни икки маҳалдан бўляпти, - дея гап бошлади, Ғиёсов. - Албатта, осон дея олмаймиз, бу йиғин. Мураббийлар хоҳлаётган нарсани 100 фоиз бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Бунга ҳам бироз вақт керак. Чемпионатга Худо хоҳласа тайёр бўлиб борамиз.
- Жамоага мослашув жараёнлари қандай давом этяпти?
- Мослашиш жараёни мен ўйлагандан ҳам осонроқ кечди. Чунки “Нефтчи”да ички муҳит ажойиб. Ҳаммаси ўзимни танишларим, мослашиш қийин бўлмади. “Нефтчи” чемпион жамоа. Янги мавсумда бизга осон бўлмайди. Негаки, бошқа жамоалар бизга қарши алоҳида бошқача тайёргарлик кўришади. Биз ҳам шунга яраша тайёрланамиз ва жамоа билан биргаликда яна чемпионликни қўлга киритишга ҳаракат қиламиз.
- Ўтказилаётган назорат ўйинлари ҳақида нима дея оласиз?
- Албатта, машғулотлар кунига икки маҳалдан ўтаётгани сабабли назорат учрашувлари қийин ўтяпти. Машғулотда қийин бўлса, чемпионатда осон бўлади, деб ўйлайман.



Фикрлар