"Яна 5:0 кўрамизми? Яманни 1:0 га ютса ҳам майли, қолган 4 та голни Саудияга олиб қўйишсин" - мутахассис фикри
Миллий терма жамоамизнинг Сингапур дарвозасига жавобсиз бешта гол ургани эвазига йигитларимизнинг кайфияти чоғ. Мана шундай кайфият доим охиригача сақланиб қолишини истаймиз. Аммо олдимизда яна иккита ўйин бор. Аввал Яман, кейин Саудия Арабистони...
Асосий рақибимиз айнан саудияликлар эканини барча билиб турибди. Кўпчилик миллий терма жамоамизнинг ўйинлари ва гуруҳдаги ҳолатни қизғин муҳокама қилмоқдалар. Бу борада мутахассисларнинг фикрлари ўқувчилар учун қизиқ.
Миллий терма жамоамизнинг яқин ўтмишдаги собиқ футболчиларидан бири, ҳозирда “Металлург” клуби раҳбариятида фаолият кўрсатаётган Абдуқаҳҳор Маъруфалиев ҳам бош жамоамизнинг ўйинларини диққат билан кузатиб келяпти. У sports.uz мухбирига Сингапур билан бўлиб ўтган ўйин, Яман ва Саудияга қарши бўлажак беллашувлар ва терма жамоамиз тарихидаги энг кучли таркиб ҳақида гапирди.
- Сингапурга қарши ўйин орқали терма жамоамиз яхши таассурот қолдирди, - деб сўзини бошлади Маъруфалиев. - Тўғрисини айтаман, ҳали энг муҳими олдинда. Ҳа, навбатдаги турда Яман билан ўйнаймиз. Аммо ундан ҳам муҳими Саудия Арабистонига қарши ўйин. Футболчиларимизнинг тайёргарлиги ва кайфияти яхши. Улар мана шундай жанговор ҳолатда бўлишса, иккала учрашувда ҳам ғалабани ўз томонимизга оғдира оладилар ва кейинги босқичга чиқади. Яна қайтараман: энг асосий баҳс – саудияликларга қарши ўйин ҳисобланади.
Бугун ўқидим, Саудия Арабистони терма жамоаси ҳам ҳозирда яхши формада экан. Албатта, футболчиларимизга омад тилаймиз. Уларни муҳим ўйинларга ҳар томонлама жиддий тайёрлашлари керак. Йигитларимизнинг ортидан бутун Ўзбекистон уларга мухлислик қилаётганини ҳис қилишлари лозим. Истардимки, футболчиларимиз майдонга худди охирги ўйинга чиққандек курашишлари керак. Таркибимизга қарасак, барчаси яхши ўйинчилар. Позициялар бўйича ҳам Ўзбекистон бўйича энг кучли футболчилар чақирилган. Ўзини кўрсатаётган легионерларимиз ҳам шу ерда. Кейинги босқичга чиқиш вазифасини уддалай оламиз. Барибир ўта жиддий тайёрланиш талаб қилинади. Бугун дўстларимиз билан бирга гуруҳдаги вазиятни кўриб чиқдик. Рости, кўплаб жамоаларда имконият бор экан. Иккала ўйинни ютсак биринчи ўрин билан учинчи босқичга чиқамиз. Иккинчи ўринни эгаллаганлар орасида эса қандайдир ҳисоб-китоб қилинар экан. Нима бўлганда ҳам биз биринчи ўринни олишимиз даркор.
Рақиб кучсиз эди ёки бошқа эди, деган гап-сўзлар ўринсиз. Сингапурга қарши жамоамиз яхши ўйнади ва йирик ғалаба орқали мухлисларни хурсанд қилди. Бундан футболчиларнинг кайфияти ҳам кўтарилди. Қайси жамоага қарши ўйин бўлмасин ғалаба ўз номи билан ғалаба. Ҳаттоки, машғулотларда оддий ҳолатда иккига бўлиниб ўйналгандаги ғалаба ҳам кайфиятни кўтаради. Қайтанга, Сингапурни мағлубиятга учратганимиз йигитларимизга қўшимча куч бўлади. Сингапур ҳам ўзига яраша жамоа.
Тўғрисини айтсам, ҳозир футбол ўйнашни билмайдиган жамоанинг ўзи қолмади. Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ёки бошқалар ҳам кейинги босқичга чиқишга курашишяпти. Олдинлари бундай рақибларни йирик ҳисобларда ютиш мумкин эди. Айтмоқчиманки, энди ҳамма жамоа ўсяпти. Агар 1:0 га ютганимизда Сингапур ҳам зўр жамоа, анча кучайибди дейишарди. 5:0 ҳисобида ютганимиз учун рақиб унчалик кўзга кўринмаяпти. Мабодо, Саудия Арабистонига бешта гол урсангиз, дарҳол рақиб кучсизланибди дейишлари мумкин. Лекин футболда омад деган тушунча ҳам бор. Муҳими, олдимизда турган иккала ўйинни ҳам ютайлик. 1:0 бўлса ҳам, 5:0 бўлса ҳам фақат уч очкодан берилади. Футболда менсимаслик деган тушунчалар бўлмаслиги шарт. Ҳаммага ҳурмат билан қараш даркор. Менсимаслик эса баъзи пайтларда панд бериб қўяди. Мен учун Сингапур ҳам яхши рақиб деб ўйлайман. Ҳозир ёмон рақибнинг ўзи қолмаган. Кучсиз жамоалар бу босқичгача етиб келишмасди. Ким қандай ўйлайди, билмадим-у, аммо ҳозир айтганимдек, Сингапур ҳам яхши жамоа.
Энди Яманга қарши ўйнаймиз. Бошида Фаластинга ютқазиб келдик. Ўша учрашувдан аввал Фаластин футбол ўйнашни билмайди, деган гаплар бўлганди. Бироқ биз ютқазиб келдик-ку. Албатта, Яманга ҳурмат билан қараган ҳолда рақибни ютиш шарт ва шундан кейин Саудия Арабистони ҳақида ўйлаш лозим. Ҳали Яманни ютмасдан туриб қандай қилиб саудияликлар ҳақида ўйлаш мумкин? Яман ҳам майдонга ғалаба илинжида тушади-ку!
Яманга бешта гол урамизми? Майли, бу сафар битта гол бўлса ҳам урайликда, уч очкони олайлик. Қолган тўртта голни эса Саудия Арабистони билан ўйинга олиб қўйишса ҳам майли. Ахир ҳали айтдим-ку, 1:0 га, 5:0 га уч очко берилади. Лекин Яман ҳам бор кучини ташлайди, оддий рақиблар қолмаган.
Терма жамоамиз тарихидаги энг кучли таркибми? Албатта, Япониядагиси! Ундан кейин қачон Осиё чемпиони бўлдик, айтинг-чи? Ўша 1994 йилги таркибимиз ҳар томонлама кучли бўлган, шахсан мен учун. Ўшанда юлдуз ўйинчилар йиғилган. Ҳозир кўпчилиги мураббий бўлиб ишлашяпти, - деди Маъруфалиев.
Фикрлар