Яна янги футболчиларни кўрамизми? Кенжабоев билан Паншанбе жиддий йўқотишми? Ёхуд Самвел Бабаян Яхшибоев трансфери ва бошқа ўзгаришлар ҳақида гапирди

Хабарингиз бор, “Навбаҳор” клуби селекцияда яна мухлисларини хурсанд қиляпти. Яхши савиядаги ижрочилар таклиф қилиняпти. Кўриниб турибдики, бош мураббий Самвел Бабаян таркибда яна бироз ўзгаришларга қўл уряпти. Шуларни инобатга олган ҳолда клуб базасида Самвел Вячеславович билан учрашиб, унга ўзимизнинг айрим саволларимиз билан мурожаат қилдик.

- Самвел Вячеславович, “Навбаҳор” иккинчи даврага тайёргарликни асосан Наманганда ўтказяпти. Ҳолбуки, аксарият клублар пойтахтда йиғин ўтказишади. “Навбаҳор” ўртоқлик учрашувларини ҳам ўзида қабул қиладиган бўлди. Ёзги йиғин сиз кутгандек ўтяптими?

- “Олимпик”ка қарши 5 июль куни ўйин ўтказганимиздан сўнг деярли ҳеч қанча дам олмай, 11 июлдан тайёргарлик кўришни бошладик. Йиғинлар Наманганда олиб бориляпти. Бирор жойга йўл олиш ниятида эмасмиз. Чунки бу ерда қулай шарт-шароитлар яратилган. Боз устига барча назорат ўйинларини шу ерда, Наманганда ўтказмоқчимиз. Бу масалада барча рақибларимиз билан келишувга эришиб бўлганмиз. Ишчи режимда иккинчи давра беллашувларига ҳозирлик кўрмоқдамиз.

- Таркибдаги ўзгаришлар ҳаммани қизиқтиради. Жасур Яхшибоевга дастлаб қачон таклиф билан чиққандингиз? Уни олиб келиш қийинчилик туғдирмадими?

- Мен доим айтиб келганман: яхши жамоаларда селекция ишлари обдон ўйлаб олинган ҳолда амалга оширилади. Бу масалада “Навбаҳор” ҳам мустасно эмас. Чунки биз ўзбек клубларининг топ-савиясига қайтишни мақсад қилганмиз. Яхши даражага қайтиш учун шунга мос равишдаги мутахассислар жамоамизда жамланган. Ўйинимиз сифатини инобатга олган ҳолда селекция борасидаги ишларни ҳам шунга монанд равишда олиб бормоқдамиз. Бу йўлда клуб ўйинига ижобий таъсир кўрсатиши кўзда тутилган бир қатор футболчилар билан шартномалар имзоладик. Владимир Козак, Диёр Туропов ва Жасур Яхшибоев мана шундай ижрочилар сирасига киришади. Учала футболчини яхши таниймиз. Ҳаммаси “Пахтакор” академиясидан чиққан. Бошқа жиҳатлардан ташқари мен бу йигитларни шахсан танийман. Улардаги инсонийлик фазилатларидан хабарим бор. Бу учала футболчи клубга мос келади, деб ҳисоблайман.

IMGL9824

- Таркибда яна янги футболчиларни кўрамизми ёки шу билан селекция тугадими?

- Айни чоғда режаларимизни ошкор қилмоқчи эмасман. Мен фақат шуни таъкидлашим мумкинки, ўзимиз таклиф этган футболчиларнинг сифатидан қониқиш ҳосил қилмоқдамиз. Қолаверса, “заявка” бериш масаласида муайян чеклов ҳам йўқ эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда трансфер масаласида қабул қилган қарорларимиздан тўла қониқиш ҳосил қиляпмиз, дея олишим мумкин.

- Қирғизистонлик ҳужумчи Мирлан Мурзоев кўрикдан ўтяпти. У сизни қониқтиряптими?

- Мен шу кунгача ўзимиз амалга оширган трансферлар ҳақидагина гапиришни истайман. Ҳозирча сиз айтиб ўтган футболчи билан расман келишувга эришмаганмиз. Шу боис бу масалада бир нарса дейишим тўғри бўлмасди.

бабаян9

- Ислом Кенжабоев билан Андрей Сидоров клубдан кетишди. Нима, улар ишончингизни қозона олишмадими?

- Кенжабоев оилавий шароити туфайли кетди. Уни тўғри тушундик. Ислом – жуда яхши йигит. Инсон сифатида ҳам у бизда фақат илиқ таассурот қолдира олган. Агар жамоада қолганидами, бу футболчи “Навбаҳор”га асқотган бўларди. Бунга шубҳа қилмайман. Аммо инсонийлик томонидан олиб қараганда, Исломни тўғри тушунишга ҳаракат қилишимизни вазият тақозо этарди. У уйига яқинроқ жойда – назаримда Навоийнинг “Қизилқум” клубида тўп сурса керак. Андрей Сидоровда ўйин амалиёти етарли эмасди. Шу сабабдан кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши учун бошқа клубга кетишига рухсат бердик.

- Мутахассис сифатида биринчи даврадан қандай хулоса чиқардингиз?

- Бугунги кунга келиб биринчи даврани барқарор даражада ўтказа олмаганимиз шундоқ кўзга ташланиб қолмоқда. Бунинг боиси таркиб 70 фоиз ўзгариб кетганди. Шунинг учун ҳам футболчилардан кўп нарса талаб қилиш мантиқан тўғри бўлмасди. Умуман олганда, шундай ўзгаришларга қарамасдан ўз даражамизда – менимча, 70 фоизга тенг ўйин кўрсатдик. Энди иккинчи даврага ҳозирлик кўряпмиз ва мавсумнинг қолган қисмини дастлабкисига нисбатан муносиброқ даражада ўтказиш ниятидамиз.

бабаян1911

- Эҳсони Паншанбени кетишига муносабатингиз қандай бўлди?

- Паншанбе – сифатли футболчи. Мен унинг клубда қолишини истаган бўлардим. Аммо у терма жамоа ўйинчиси. Бошқа исталган клубнинг асосий таркибида ўйнай олади. Бироқ селекция борасида олиб борган ишларимиз туфайли Эхсони ҳар доим ҳам бошланғич таркибда майдонга туша олгани йўқ. Шунинг учун бўлса керак, йигит олдимга келди. Биз ҳаммасини очиқ-ойдин гаплашиб олдик. Паншанбенинг янги иш жойида доим майдонга тушишини, етарли ўйин амалиётига эга бўлишини истардим. Айтишим жоизки, у билан ўртамиздаги алоқа аъло даражада бўлган. Агар ўйинчи янги клубида ўзидан яхши таассурот қолдира олса, унга бўлган қизиқишимизни инобатга олганча “Навбаҳор”га қайтаришга уринишимиз аниқ. У яхши чемпионатга йўл олди. Мураббий қўл остидаги ҳар бир футболчига касбий мажбуриятдан ташқари, инсонийлик фазилатларини инобатга олган ҳолда ҳам самимий муносабатда бўлмоғи даркор. Унинг миллий терма жамоа ўйинчиси эканлигини англаганини яна эслаган ҳолда айтишим керакки, Паншанбе мамлакат бош жамоасида етакчиларидан бири саналади. У шу сабабдан ҳам клуб даражасида доим ўйин амалиётига эга бўлмоғи даркор. Унинг жамоадан кетишини атрофлича муҳокама қилган ҳолда барчасига рози бўлдик. Таъкидлаш керакки, Паншанбенинг кетиши анча оғриқли бўлди. Клубдаги рақобатни эътиборга олсак, ҳарқалай ўйин амалиётига эга бўлди. Боз устига Эхсони бизнинг барча талабларимизни бажариши ҳам мумкин эди. Нима бўлган тақдирда ҳам бу йигитга омад тилаб қоламиз. Сабаби, Паншанбе яхши ўйинчи, ҳақиқий профессионал. Унинг учун Наманган – “Навбаҳор” сари йўллар доим очиқ.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!