“Yandex Uzbekistan” Пролиганинг расмий титул ҳомийсига айланади
Лига “Яндех Uzbekistan” билан стратегик ҳамкорлик келишувини имзолади. Бу ҳақда ЎзПФЛ расмий саҳифасида маълум қилди.
2026 йилнинг 25 февраль куни “Яндех Uzbekistan” ҳамда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси мамлакат футболи ривожи йўлида кенг қамровли ҳамкорлик келишувини имзолади.
“Yandex Uzbekistan” Пролиганинг расмий титул ҳомийсига айланади. Бундан ташқари, Суперлигада расмий ҳамкор мақомига эга бўлади. Энди Суперлига ва Пролига учрашувлари Allplay ҳамда Кинопоиск платформалари орқали намойиш этилади.
Ҳамкорлик Yandex экотизими хизматлари ва брендларини футбол медиа-муҳитига, стадионлар инфратузилмасига ҳамда лигалар коммуникация форматларига комплекс интеграция қилишни назарда тутади.
Ўйин кунлари мухлислар учун Yandex Music, Yandex Go, Alisa ва бошқа хизматлар томонидан махсус акция ва тадбирлар ташкил этилади. Жумладан, стадионларда интерактив тадбирлар йўлга қўйилади, фаол фойдаланувчилар ва Yandex Go ҳайдовчилари иштирокида учрашувлардан олдин тўпга рамзий зарба маросимлари ўтказилади. Шунингдек, янги фильм, сериал ва мусиқий релизлар премьерасига бағишланган махсус лойиҳалар ишга туширилади.
Ундан ташқари, рақамли ҳамкорликни кенгайтириш, қидирув тизимида махсус функцияларни жорий этиш ва шаҳар хизматлари билан қўшма бренд лойиҳаларини амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Ҳамкорлик доирасида ёшлар футболини ривожлантириш ва футболга янги аудиторияни жалб этишга қаратилган қўшма ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилади.
Фикрлар