Янги трансферларни ёзга қолдираётган Перес
"Реал" йўқотишлардан сўнг янги ҳимоячи билан шартнома имзолаш устида ишлаётгани борасида миш-мишлар анчадан бери ҳаммага маълум. Аммо вазият ўзгариши ҳам мумкин.
Асосий муаммо шундаки, қишда катта трансферларни амалга ошириш қийин. Айниқса, яхши формада бўлиб турган ёш ҳимоячини топиш ва унинг клубини рози қилиш мушкулдир. Гарчи Карло Анчелотти тезроқ янги хариж хоҳлаётган бўлса-да, Флорентино Перес ёзга тайёргарлик кўришни афзал кўрмоқда, дея хабар берди инсайдер Маттео Моретто.
Айни пайтда жамоа машғулотларига Давид Алаба қайтди. Шунингдек, "Осасуна"га қарши захирадан майдонга тушган Рауль Асенсионинг ҳаракатлари ёмон таъсурот уйғотмагани раҳбариятни тинчлантирмоқда, лекин кейинги жароҳат оладиган ҳимоячининг ўрнини тўлдириш имконсиз бўлиб қолади.
Вариантлар орасида Аймерик Ляпорт номи ишончлироқ бўлиб турибди. Сабаби, испаниялик футболчи Саудиядан кетишга тайёр ва "Ан-Наср" ҳам ушлаб қолишга кўп уринмайди, лекин мадридликлар ҳозирча 30 миллион еврони тўлашни исташмаяпти.
Хабарингиз бор, "Реал" ёзда катта трансферларни амалга оширишга ҳаракат қилади. Асосан ҳимояга урғуни берадиган "қаймоқранглилар" Трент Александер-Арнольд, Альфонсо Дэвис каби катта номларни шорт-листига олиб қўйиб, агентлар билан музокараларни бошлаб ҳам юборгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шунингдек, 2025 йилда марказий ҳимоячи ҳам сотиб олиниши кутилмоқда.
Айни пайтда клуб Ла Лига турнир жадвалида 2-ўринда бормоқда, "Барселона"дан 6 очко ортда. Олдинда эса "Леганес"га сафар, ундан кейин "Ливерпуль"га қарши ўйин кутиб турибди.
Фикрлар