“Янгиер” Биринчи лига ғолиби бўлди!
Бир неча дақиқа аввал “Янгийўл” Биринчи лига билан хайрлашгани ҳақида ёзгандик. “Биринчи лига регламенти” асосида турнир жадвали қайта шакллантирилгач, “Янгиер” мусобақа якунига 1 та тур қолганида ғолибликни қўлга киритгани ойдинлашди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
"Назарий жиҳатдан “Жиззах”да “Янгиер”га этиб олиш имконияти мавжуд. Жиззахликлар сўнгги турни ўз майдонида “Локомотив-БФК”га қарши ўтказади. Янгиерда эса “Бунёдкор-фарм” меҳмон бўлади. Бироқ унутмаслик керакки, етакчиларнинг ўзаро ўйинида “Янгиер” “Жиззах” устидан 4:1 ҳисобида зафар қучган.
Регламентга кўра, Биринчи лига якунига етганидан кейин мазкур мусобақа иштирокчилари ўртасида Биринчилик кубоги бўлиб ўтади. “Янгиер” Про лига йўлланмасини қўлга киритиш учун Биринчилик кубоги ғолибига қарши майдонга тушиши керак бўлади.
Маълумот учун, Биринчи лиганинг жорий мавсуми 17 та жамоа старт олган бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг 2 таси мусобақа билан хайрлашиб улгурди (“Нурафшон” ва “Янгийўл”). Яна уч жамоа Лига билан тузилган шартнома шартларини тўлиқ бажариб улгурмаган. Ҳолат шу тариқа давом этса, мазкур жамоалар Биринчилик кубогига қўйилмайди. Мусобақа билан боғлиқ барча янги тафсилотлар тез орада маълум қилинади", - дейилади хабарда.
Фикрлар