Япон клублари легионерлардан воз кечяптими? Чемпионатимизга қайтиш нияти борми? Нега терма ҳақида гапиришни истамайди? - Фозил Мусаевнинг режалари ҳақида

Бир неча мавсум Япония чемпионатида тўп сурган Фозил Мусаев бу йилги чемпионатни бошқа клубда давом эттиради. Чунки “Жубило Ивата” билан хайрлашди.

Фақат ҳамюртимизнинг қайси чемпионатда тўп суриши ҳозирча маълум эмас. Sports.uz мухбири футболчи билан боғланиб айрим масалаларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

- Яқинда “Жубило Ивата” билан тузган шартномангиз тугагани боис клубни тарк этганингизни эшитдик...

- Ҳа, бу тўғри. Шартномам тугагани сабабли жамоани тарк этдим.

- Японияда бир неча йил давомида тўп сурдингиз. У ердаги фаолиятингиз мобайнида қандай ўзгаришларни сездингиз ва ўзингиз япон чемпионатидаги иштирокингиздан кўнглингиз тўлдими?

- Ёмон ҳам, жуда зўр ҳам дея олмайман. Биринчи йили ҳаммаси яхши бўлди. Кейин эса жароҳат олдим. Ундан кейингисида клубда раҳбарлар, мураббийлар ўзгариб кетди. Муҳит ҳам бундан мустано эмас. Клубга бошқа одамлар келганди. Мен борган дастлабки пайтдагига нисбатан ҳаммаси ўзгарди.

- Лекин шундай ўзгаришлар бўлишига қарамай, сиз клубда қолиб фаолиятингизни давом эттириб келаётгандингиз...

- Ҳа, шундай. Чунки “Жубило Ивата” билан шартномам бор эди. Ўша муддатни охиригача етказиб қўйдим.

мусаев3_1

- Шартномангиз тугагач, Япониянинг ўзидан янги таклифлар бўлдими?

- Бошида бўлди, ноябрь ойларида. Битта клуб қизиққанди, мени олишмоқчи эди. Ҳаттоки, улар билан деярли келишиб ҳам бўлгандик. Аммо охирига борганда коронавирус туфайли кўплаб жамоалар легионер ўйинчи олмасликлари айтилди. Молиявий шароитидан келиб чиқиб, легионерларга тўланадиган пул танқислиги сабаб қилиб кўрсатилди. У ерда тўп сураётган хорижлик футболчилар ҳам уйларига қайтадиган бўлишганди. Шунинг ҳисобига менимча кўп жамоалар легионерсиз ўйнашмоқчи.

- Демак, сизни Япониядан бутунлай кетди деб ҳисобласак бўлар экан-да?

- Йўқ, ҳозирча кутяпман. Бир нарса дея олмайман. Агентлар менга жамоа қидиришяпти. Ўтган йилнинг ноябрь ойида клубларнинг режаси боя айтганимдек эди. Барибир мураббий легионер олишимиз керак деса, клуб молиявий имкониятидан келиб чиқиб шароит қилиб бериши мумкин. Тўғриси, коронавирус сабабли легионерларга яхши пул тўлайдиган жамоалар кўп эмас. Шунинг ҳисобига озгина қийин бўлиб турибди.

- У ҳолда сизда яна “Жубило Ивата” варианти ҳам борми?

- Йўқ, у ердан бутунлай кетдим. Фақат бошқа таклифларни назарда тутяпман.

- Дарвоқе, Япониядан кетганингиздан сўнг, сизни “Насаф”га қайтишингиз тўғрисидаги маълумот ҳам қулоғимизга чалинди. Шу ростми?

- Мен ҳали Ўзбекистоннинг ҳеч қайси клублари билан гаплашмадим.

- Демак, ўзимиздан ҳеч бир клубдан таклиф бўлмадими?

- Ҳозирча йўқ. Чунки мен таътилдаман.

мусаев_1

- Умуман айтганда, чемпионатимизга яна қайтиш режангизда борми ёки яна фаолиятингизни легионер сифатида давом эттирмоқчимисиз?

- Режа қилганим билан четдан вариант бўлмаса, қайтиб шу ерда ўйнашимга тўғри келади. Ҳозирдан бир нарса дея олмайман. Балки кетарман, балки топилмаса шу ерда қолишимга тўғри келади.

- Японияда бир неча йил давомида тўп сурдингиз, барқарорликни сақлаб қолган пайтларингиз ҳам кўп бўлди, фақат жароҳатлар халақит қилди. Сиздан кейин ҳам айрим ҳамюртларимиз кунчиқар юртга бориб ўйнашди, лекин сизчалик узоқ вақт қолишмади. Айтмоқчиманки, бундан кейинги фаолиятингизда ҳам яна шундай узоқ вақтга қолиш ниятингиз борми?

- Бундан кейин борсам ҳам узоқ вақтга бормайман, менимча. Шундан сўнг, ўзимизга қайтиш режам ҳам йўқ эмас. Буни вақт кўрсатади.

- Италия А сериясида тўп сураётган ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг у ердаги имкониятларини қандай баҳолаяпсиз?

- Тўғриси, унинг ўйинларини тўлиқ кўришга ҳали вақтим ҳам, шароитим ҳам бўлмади. Лекин хавфли вазиятлардаги эпизодларини кўряпман. Шундан хулоса қилсак бўладики, у ерга анча мослашганлиги, ўзига ишончи ортганлиги кўриниб турибди. Жуда яхши ўзгариш бор.

- Биздан ҳам сизнинг терма жамоадаги тақдирингиз ҳақида кўп сўрашади. Балки сизни чақирилмаётганингизга жароҳатлар ҳам сабаб бўлгандир. Умуман, термадаги ролингизни қандай кўряпсиз?

- Терма жамоа ҳақида гапиришни хоҳламайман. Олдин ҳам айтганман, Ўзбекистон фуқароси сифатида албатта термамизга мухлислик қиламан. Термада ўрнимни қанчалик кўряпман ёки жамоа қандай ўйнаяпти, бундай масалаларни муҳокама қилмоқчи эмасман.

- Лекин сизни чақиришса ёрдам беришга тайёрсиз-а?

- Ҳар қандай футболчи тайёр бўлса керак. Мени олмаяпти ёки бошқа, деган нарса йўқ. Ким бўлишидан қатъий назар агар чақирадиган бўлса, исталган ўйинчи жон деб боради ва қўлидан келганича ўйинини кўрсатади. Менда ҳам бормайман, ўйнамайман, деган нарса йўқ.

- Барибир терма жамоадан четда қолаётганингиз сизни хафа қилиб қўйяптими?

- Йўқ. Аввало клубимда барқарор, яхши даражада ўйнасам, кейин термага чақиришадими деб ўйлашим мумкин. Ҳозирда эса нега бормаяпман, нимага чақирмаяпти, деган ўй-хаёл йўқ.

мусаев2_1

- Япония ҳаёти ва футболида сизни энг ҳайрон қолдирган ҳолат нима бўлди?

- Ҳамма нарсаси – ҳаёти ҳам, футболи ҳам. Шунинг учун яна Японияга қайтиш ниятим бор-да.

- Осиёнинг яна бошқа мамлакатларидан ҳам таклифлар борми?

- Ҳозирча агентларим Япония томонларда ишлашяпти. Кўрамиз, вақт кўрсатади. Балки бошқа агентлар янги мамлакатлардан ҳам вараинт айтишса, кетишимга улар қаршилик қилишмайди. Балки қоларман. Агар таклифлар бўлмаса демоқчиман. Балки япон клублари бошқа позицияга футболчи қидиришлари мумкин. Ҳамма нарса бўлиши мумкин.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
JAVA KRASAVA
04/01/2021 16:13
BIR PAYTLAR SIFATLI OYINCHI EDI.JAROHATLAR QIYAB QOYDI