
Япония билан ўйин ҳақида Жамолиддин Раҳматуллаев: Шогирдларим кўрсатмаларимдан кўра эмоцияга кўпроқ берилди
Таиландда бўлиб ўтаётган Осиё чемпионатида иштирокини бошлаган Ўзбекистон U-17 терма жамоаси илк турда Япония билан дуранг натижага имзо чекди. Баҳсдан сўнг жамоамиз устози Жамолиддин Раҳматуллаев кичик интервю берди. Шунингдек, жамоамиз аъзолари Амирбек Саидов ва Муҳаммад Юсуф Собиров ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Жамолиддин Раҳматуллаев
- “Кечаги баҳсни жуда яхши бошладик. Тўпни ўзимизга ишонган ҳолда назорат қилдик. Афсуски, ўтказиб юборилган тезкор гол болаларнинг руҳиятига таъсир қилди. Қолган вақтда ҳисобни тенглаштириш учун олдинга шошилдик. Кеча мураббийнинг кўрсатмаларидан кўра, руҳиятга таянган футбол ўйнадик. Сўнгги дақиқаларда шогирдларим характер намойиш этиб, ўйинни қутқариб қолишди. Ваҳоланки, баҳс якунида яна бир голли имкониятга эга бўлган эдик. Уни амалга оширганимзида, бемалол ўйинни ғалаба билан якунлаган бўлар эдик. Кейинги ўйинларда имкон қадар яхшироқ натижа қайд этиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Кейинги ўйинда Ҳиндистон билан куч синашамиз. Йил бошида улар билан икки бор ўртоқлик ўйинида иштирок этганмиз. Уларнинг тезкор ва креатив футболчилари бор. Барчасини кўриб чиқамиз ва керакли ечимни топамиз.”
Амирбек Саидов:
- “Ўтган ўйинда ғалаба учун майдонга чиқдик. Тезкор гол ўтказиб юборганимиздан сўнг вазиятни ўнглаш учун кўп вақт кетиб қолди. Шунга қарамай, охиригача курашдик. Оғир бўлсада, якунда ўйинни ўзимиз томонга буриб юбордик.”
Муҳаммад Юсуф Собиров:
- “Ҳиндистонга қарши ўйинга тайёргарликни бошлаганмиз. Бу майдонга фақат ютгани чиқамиз. Ҳиндистон сингари Вьетнам билан ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз. Бу турнирдаги ниятим - клубим ва терма жамоам шарафини муносиб ҳимоя қилиш. Энг яхши дарвозабон сифатида Осиё чемпиони бўлмоқчиман.”
Эслатиб ўтамиз, терма жамоамиз Осиё чемпионатининг иккинчи тур доирасида 20 июнда Ҳиндистонга қарши ўйинда майдонга чиқади. Баҳс телеканаллар орқали намойиш этилмагани боис, SPORTS.uz телеграм каналида намойиш этилади.
Комментарии