Япония бош мураббийи: "Илк кичик вазифани муваффақиятли бажара олдик"
20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги гуруҳ босқич 3-туридан ўрин олган Саудия Арабистони - Япония учрашувида японияликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида Япония бош мураббийи Коичи Тогаши иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Аввало, Саудия Арабистони биз ўйлагандан бошқача ўйин намойиш этди. Биз олдинга чиқиб олдик ва ўйинни назоратимиз остида ушлаб турдик.
Гуруҳ босқичидаги дастлабки икки беллашув ўзгача бўлганди. Бу беллашувларда илк таймларда гол уриш учун ҳаракат қилдик. Сўнг устунликни назорат остида олиб қолишга уриндик.
Баҳс давомида режаларимиз иш берди, деб ўйлайман. Илк кичик вазифани муваффақиятли бажара олдик.
Йигитлар етарлича мотивацияга эга. Уларга алоҳида психологик ёрдам керак эмас. Энди бор эътиборимизни Иорданияга қарши ўйинга қаратамиз.
Сано яхши футболчи. Саудияга қарши энг яхши ўн битталикни танладим. Ўйин давомида рақиб бизга қарши қандай ҳаракат қилишини кўрдим. Умуман олганда, таркибда футболчиларимиз кўп ва мен уларнинг ҳар бирига қисман бўлса-да, имкон беришни истайман. Кодаи ҳам бу вазиятни тўғри қабул қилди", - деди мураббий.
Фикрлар