Япония бош мураббийи: "Мусобақага кучсиз жамоа келмагани аниқ"
20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги гуруҳ босқич 1-туридан ўрин олган Япония - Хитой учрашувида японияликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида Япония жамоаси бош мураббийи Коичи Тогаши иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Аввало, биринчи баҳс қийин ўтганини айтиб ўтишим керак. Бу кутилган эди, тўғри. Аммо рақиб етарлича қаршилик кўрсатди. Биринчи таймда гол ура олмадик. Шунга қарамай, ҳужум қилишда давом этдик ва керакли натижани қўлга киритдик. Энди эътиборимизни навбатдаги учрашувга қаратамиз.
Илк бўлимда биз ҳужумларимизни ижобий якунлай олмадик. Тезликда қарор қабул қилмадик. Иккинчи таймда рақибга нисбатан тезкор ҳаракат қилдик ва режаларимиз иш бера бошлади. Бу муҳим ғалаба бўлди биз учун.
Биз рақибнинг узун пасларига кўпроқ эътибор қаратдик. Улар шу усулдан фойдаланди.
Гуруҳ босқичида, умуман, турнир давомида ҳамма рақиб биз учун муаммо туғдира олади. Сабаби, мусобақага кучсиз жамоа келмагани аниқ. Ҳар бир беллашув биз учун муҳим ва катта аҳамиятга эга", - деди мутахассис.
Фикрлар