Япония бу мусобақанинг энг кучли жамоасими? Рақибни бирга таҳлил қиламиз!

Бугун Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида Осиё Кубоги ярим финали доирасида ҳамюртларимиз Япония билан куч синашади. Хўш, финалга чиқиш учун Кападзе шогирдларида имоният қандай? Япониянинг асосий қуроли нимада? "Кунчиқар юрт вакиллари" қай даражада хавфли? 

Ўйин услуби

Yaponiya sxemasi

Эътиборлиси шундаки, Япония Олимпия терма жамоаси мусобақадаги энг замонавий ўйин схемасидан фойдаланаётган жамоа бўлиб турибди.  Го Оиава шогирдлари 4-3-3 схемасини танлабгина қолмай, интенсив прессингни жуда яхши йўлга қўйган. Худди, Пеп Гвардиоланинг "Манчестер Сити"си сингари футболчилар бир-бирига жуда яқин жойлашган ҳолда, майда паслар орқали ҳужум ташкил этади.

Yaponiya 4 kishi hujumda

Олдинги чизиқдаги 3 та ҳужумчи камдан кам ҳолатлардагина ортга қайтгани етмаганидек, марказдаги ижрочи ҳам ҳужум чоғида 4-форвардга айланиш мумкин.

hujumga 4 futbolchini otishi

Оиава жамоаси ҳар жабҳада "шаҳарликлар"ни эслатиб юборади. Марказий ҳимоячиларнинг биринчи пас билан ўйинга кириши, қанотдаги йигитларнинг тез-тез ўрин алмашиши, рақиб тўпга эгалик қилаётганда кучли прессинг уюштириш, ҳужумларнинг 90 фоизи қанотлар орқали ташкил этилиши ва бошқа омиллар шундай хулосага келишга мажбур қилмоқда. Бизнинг йигитлар учун улар қайсидир маънода анча ноқулай рақиб эканлигини тан олиш лозим.

4 futbolchi har safar jarima maydoni icida

Жисмоний     тайёргарлик борасида ҳам Японияда муаммо кўзга ташланмайди. Захира ўриндиғидаги йигитларнинг даражаси асосий таркибдагиларники билан бир хил! Айнан шу омил "самурайлар"ни Жанубий Корея билан баҳсда ярим финал йўлланмасини муаммосиз қўлга киритишига сабаб бўлди.  Кўриб турганингиздек, улар рақиб майдонига марказдан кириб келишга уринади ва дарров ҳужумни қанотга кўчиради. Ҳар сафар иккита вариант икки қанотда уни қабул қилишга тайёр. Шунингдек, ҳужум бошлаган ва марказий футболчи ҳам ичкарига ёриб киришга уринади.

Yaponiya pressing

Барчаси катта тезликда содир бўлгани боис, 3-4 сония ичида Япониянинг ҳужумида 4-5 футболчи якунловчи образида пайдо бўлиши мумкин. Улар тезлиги у қадар баланд бўлмаган термалар учун чинакам муаммо бўлиши аниқ. Шунингдек эрта прессинг ва тўпсиз ҳаракат борасида ҳам Япония U23 жамоаси "Сити"ни эслатиб юборади. Марказдаги барчи ижрочилар керакли паллада тўп учун курашга киришиши, хужумларни эрта барбод қилиши мумкин.

Асосий етакчилари ким?

Жамоа мотори

kapitan

Биринчи навбатда 8-рақамдаги Жоель Фудзитани алоҳида эътироф этиш лозим. У Оиаванинг схемасидаги чинакам жангчи образида! Тўп учун курашда марказий ҳимоячиларга ҳам ёрдамга етиб келиш билан биргаликда, ҳужумларни қўллаб-қувватлаш учун рақиб жарима майдончаси олдига қадар бора олади. Чинакамига жамоанинг мотори. Техникаси у қадар кучли эмас, ундан шедевр узатмаларни кўрмаймиз, аммо ўйинни жуда яхши ўқигани боис, курашларда кўпинча ғолиб чиқади. Анча чаққон бўлибгина қолмай, бир вақтни ўзида иккита "фронтда" бирдек жамоаси учун наф келтириши мумкин. 

Ҳужумдаги қуроли

9 raqamdagi orgina

9-рақамдаги қанот вингери Япониянинг асосий ҳужум қуроли саналади. Шота Фудзио ўнг ва чап қанотда бирдек тўп тепиши, керакли паллада дриблингдан фойдаланиб, вазиятни кескинлаштириши мумкин. Шунингдек, Оиава шогирдлари ўйин давомида позицияларини бир неча бор алмаштиришга одатланган. Бу рақиб ҳимоячилари учун анчагина ноқулайлик туғдиради. Шота нафақат қанот, балки марказий ҳужумчи образида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Яхшигина тезлик билан биргаликда, кучли зарбаси ҳам бор. Соддароқ қилиб айтсак, кучсиз томони йўқ чинакам қотил!

Жокер

Yaponiya 21 raqam

Бу - сўзсиз 21-рақамдаги марказий ҳужумчи Таика Накашима! У ўйинни асосан захира ўриндиғида бошлашига қарамай, мураббийнинг асосий қуроли бўлишда давом этмоқда. Боя айтиб ўтганимиздек, Япония асосан майда пасларга суянган ҳолда, позицион ҳужумлар уюштиради. Накашима эса, баланд бўйли, жисмонан бақувват ва тезкор ҳужумчи. У баҳсга қўшилгач, "кунчиқар юрт вакиллари" ўз ҳужумларига ранг-баранглик қўшиш имкониятига эга бўлади. Иккинчи қаватдан узатиладиган тўплар, тезкор қарши ҳужумлар ва хавфли стандартлар! Бир сўз билан айтганда, Таика Япония бош мураббийи учун ўйиннинг боришини кескин ўзгартириш имкониятини тақдим этадиган даражада кучли футболчи. Уни кўздан қочирмаслик шарт! 

Ожиз томони борми?

japan

Афсуски, жамоа очиқ футболдаги "отишма"ларда кўпинча ғолиб чиқади, аммо ёпиқ жамоаларга қарши беллашувда қийналади. Саудия Арабистони терма жамоаси билан баҳс ёдингиздами? "Саҳро лочинлари" деярли 60 дақиқа давомида тартибли ҳимоялангани боис, японияликлар майда паслар орқали позицион ҳужум қилишда давом этаверди, аммо натижага эриша олмади. Кейин, четлатиш ва Саудия қолган дақиқаларда бемалол ўйинни ўз фойдасига ҳал қилиши мумкин эди, аммо улар ҳам сўнгги зарбани йўллашда хатога йўл қўйди. Ўзи қизил карточка билан бугунги рақибларимиз бироз чиқиша олмаяпти. Тожикистон билан тўқнашувда ҳам улар 61-дақиқада майдонда бир киши кам бўлиб қолган эди. Агар йигитларимиз консентрацияни йўқотмаса, мудофаада тартибли ўйнаса, қарши ҳужумларда бизда имкониятлар етарлича бўлади. Боз устига, рақибнинг қанот ҳимоячилари у қадар кучли эмас. Оиава шогирдларининг гуруҳ босиқчи ва плей-оффдаги барча ўйинларини кўриб чиққач, рақибимизнинг асосий ожиз нуқтаси қанот ҳимояси эканлигини англадим. Кўпинча катта куч билан олдинга чиқишга одатланган "самурайлар" ҳар сафар ҳам ўз ҳудудини ёпишга улгура олмайди. Бу айниқса, вингерларимиз Улуғбек Хошимов ва Ҳожимат Эркинов учун яхшигина имконият. Агар Темур Кападзе керакли кўрсатмаларни бера олса, бу тўқнашувда ғолиб чиқиш имкониятимиз бор. Барчаси, майдондаги йигитларнинг қўлида.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Gulomqodir Askhanov
15/06/2022 14:52
Тугри факат концентрация , совукконлик ва химоя керак уз уйингда хатто штангалар хам ердам беради япониян бугун каерга келиб колганлигини тушинадиган кун
Baxil Alihuja
15/06/2022 15:21
Жуда яхши тахлил! УФА да шундай тахлил килувчи мутахассислар йук-де...