Яхшибоев пешқадамликни бой берди ёхуд кураш энди қизийди!

Беларусь олий лигасининг бу йилги мавсуми бошидан тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилиб келган ўзбекистонлик легионер Жасур Яхшибоев чемпионат якунланишига бир неча тур қолган паллада етакчилик позициясини бой бериб қўйди.

26-тур учрашувида “Шахтёр” ўз майдонида “Динамо-Минск” жамоасини қабул қилди. Ушбу учрашув солигорскликлар учун ўта муҳим аҳамиятга эга эди. Ғалаба қозонган тақдирда Яхшибоев жамоаси чемпионлик учун курашда асосий рақобатчиси БАТЭга етиб оларди. Агар борисовликларнинг “Шахтёр”дан битта кўп ўйин ўтказгани ва 26-турда совринли ўринларга даъвогарлик қилаётган  “Ислочь” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаб, икки очко йўқотганини инобатга олсак, солигорсликларда яққол пешқадамга айланиб олиш имкони пайдо бўлган эди.

Бироқ, футбол кутилмаган натижалар билан қизиқ. “Шахтёр” ўз майдонида “Динамо-Минск”дан кичик ҳисобда мағлубиятга учради ва қимматли уч очкони рақибга топширди. Бу билан Солигорск жамоасининг чемпионлик йўлидаги тақдири БАТЭнинг қўлига ўтди. Бош совринни қўлга киритиш бўйича катта тажрибага эга бўлган борисовликлар қолган тўртта учрашувда ютқазмаса, чемпионлик бўйича ўз рекордини янгилайди.

Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, тўпурарлар баҳсида БАТЭ ҳужумчиси Максим Скавиш билан рақобатлашаётган Жасур Яхшибоев сариқ карточкалари кўпайиб кетгани боис “Динамо-Минск” жамоасига қарши учрашувни ўтказиб юборди. Скавиш эса, “Ислочь” дарвозасига бир жуфт гол уриб, тўпурарлар пойгасида Жасурдан иккита тўп фарқи билан олдинга ўтиб олди.

09.03.2019_bate_isloch_20

Умумий ҳисобда, Скавиш 25 та ўйинда 15 та гол урди. Жасурнинг ҳисобида 22 та учрашувда 13 та гол бор. Ҳамюртимиз огоҳлантиришлар сони кўплиги боис иккита ўйинда майдонга туша олмаган. Чемпионат якунига қадар, Скавиш олдида яна тўртта ўйин бор. Жасур Яхшибоев эса орадаги фарқни йўққа чиқариш учун бешта учрашувда ўзини кўрсатиш имконига эга бўлади.

Шу ўринда, Жасур Яхшибоев рақобатчиси Максим Скавишдан фарқли равишда асли ҳужумчи эмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида ўйнайдиган ўзбекистонлик легионернинг майдондаги вазифаси фақат гол уриш билан чегараланмайди.

Жасур фақат голлар сони бўйича иккинчи ўринга тушиб қолган бўлса-да, Европа футболида катта эътибор бериладиган гол+пас тизимида ҳамон етакчи. Ҳамюртимиз 13 та гол ва 5 та голли пас билан жами 18 очко тўплаган. Бу кўрсаткич бўйича “Торпедо-БелАЗ” легионери Габриэл Рамос 10 та гол ва 7 та самарали пас билан иккинчи ўринда қайд этилган. 15 та голга қўшимча битта голли пас муаллифи бўлган Скавиш кучли учликни якунлаб берди.

Гол+пас  кўрсаткичи бўйича номи юқорида зикр этилган етакчилардан ташқари, кучли ўнликдан Павел Нехайчик (БАТЭ, 16 очко), Гегам Кадимян (“Нёман”, 15), Игорь Стасевич (БАТЭ, 15), Зоран Марушич (“Нёман”, 13), Владислав Васильев (“Рух”, 13), Станислав Драгун (БАТЭ, 13), Евгений Шикавка (“Динамо-Минск”, 12) каби футболчилар ўрин олган.

Демак, Беларусь чемпионатининг бу галги мавсумини якунланиш учун БАТЭда тўртта ва “Шахтёр”да бешта ўйин бор. Чемпионлик масаласи шу ўйинларда ҳал бўлади. Тўпурарлар баҳсида ҳам ўхшаш вазият. Гарчи Жасур пешқадамликни бой берган бўлса-да, асосий кураш ҳали олдинда.

Чемпионлик тақдири ҳал бўлмоқда. Муҳим ўйинда Яхшибоев жамоасидан ғалаба кутамиз!

Легионерларимиз. Ўзбек футболчиларининг бозори чаққон бўлди!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!