Яхшибоев Роналду қилган ишни уддалади!

Бу галги Осиё чемпионлар лигаси ўзгача ўтмоқда. Бунга араб клублари ўз сафига Европада ном таратган футболчиларни қўшиб олгани сабаб. Жаҳон ва Европа миқёсидаги нуфузли мусобақаларда порлаган Криштиану Роналду, Карим Бензема, Неймар, Нголо Канте каби бир неча юлдузлар Осиё клубларининг энг зўр турнири сифатида эътироф этиладиган Чемпионлар лигасида тўп тепиши мухлисларни хушнуд этмоқда.

УЕФА Чемпионлар лигасида энг кўп – 183 та ўйин ўтказиб, энг кўп – 140 гол урган Криштиану Роналду қитъамизнинг энг нуфузли турнирида ҳам голлари ҳисобини очиб улгурди. 38 ёшли юлдуз "Ан-Наср" ҳужумчиси сифатида ён қўшнимиз – Тожикистоннинг “Истиқлол” жамоаси дарвозасига мусобақадаги биринчи голини урди.

image_11

Қизиқ ҳолат юзага келмоқда. Қитъамизда фаолият юритаётган чарм тўп усталари орасида Европа ва Осиёнинг энг катта мусобақасида гол урган футболчилар сафи кенгайиб боряпти.

Энди улар орасига ўзбек ҳужумчиси ҳам қўшилди.

Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ўз тарихида илк бор Осиё Чемпионлар лигасининг  гуруҳ босқичида қатнашмоқда.

Самвел Бабаян шогирдлари биринчи турда Неймар етакчилигидаги “Ал-Ҳилол”дан бир очко олиб келгани шов-шувли натижа сифатида қайд этилганди. Аслида ўша баҳсда саудияликлар мағлубиятдан базўр қутилиб қолган.

“Навбаҳор” иккинчи турда ўз майдонида Ҳиндистоннинг “Мумбай Сити” жамоасини қабул қилиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Ўйинда ҳисобни очиш имкониятига биринчи ҳиндистонликлар эга бўлди. Бироқ Стюартнинг 11 метрлик белгидан берган зарбасини Ўткир Юсупов маҳорат билан қайтарди.

Беллашувнинг иккинчи ярмида мезбонлар учта тўп киритди. Голларга Жамшид Искандаров, Жасур Яхшибоев ва Дониёр Абдуманнопов  муаллифлик қилди.

Осиё чемпионлар лигасида дебют голини урган Жасурбек Яхшибоев худди Роналду сингари Европада ҳам тўп киритган ўйинчига айланди. Ҳамюртимиз португалиялик юлдуздан фарқли равишда УЕФА турнирида фақат биттагина гол урган.

Лекин у қандай зўр ва қадрли гол эди?

Жасур Яхшибоев 2021 йилнинг сентябрида Молдованинг “Шериф” жамоаси таркибида УЕФА Чемпионлар лигасининг гуруҳ баҳсларида “Сантьяго Бернабеу” аренасида “Реал” меҳмони бўлиб, турнирда энг кўп бош совринни қўлга киритган жамоани 2:1 ҳисобида ер тишлатган.

Тарихий ўйиндаги биринчи голни айнан Жасурбек Яхшибоев машҳур дарвозабон Тибо Куртуа дарвозасига йўллаган эди.

zhosur-yashiboev-sherif

Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик футболчилар орасида УЕФА Чемпионлар лигасида энг кўп ўйин ўтказган ва энг кўп гол урган ҳужумчи Максим Шацких ҳисобланади. Ҳозир “Пахтакор”га бош мураббийлик қилаётган Шацких Киевнинг “Динамо” жамоа сафида мунтазам халқаро майдонда тўп тепиб келган.

Футбол оламидаги нуфузли манба - https://www.transfermarkt.world  порталида қайд этилишича, Максим Шацких Европа Чемпионлар лигасининг саралаш мусобақасида 24 та ўйинда рақиблар дарвозасини 12 марта нишонга олган.

Чемпионлар лигасининг асосий турнирида 45 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига 11 та гол ҳамда бир жуфт ассист ёздириб қўйган.

Бир сўз билан айтганда, қитъамиз футбол ишқибозлари яқиндагина Европанинг энг нуфузли мусобақаси қаҳрамонлари бўлган юлдузларнинг Осиёдаги саргузаштларини томоша қилиш имконига эга бўлмоқда.

Раньери Шомуродов ҳақидаги саволга жавоб берди

Хорижлик экспертлар Файзуллаевга тан бера бошлади

Файзуллаев Европага кетишга тайёрланяпти!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!