Яхшибоевга жиддий рақобатчи пайдо бўлди. Энди кураш қизғин кечади!
Беларусь чемпионатининг 23-туридан сўнг, чемпионлик учун асосан икки жамоа – Солигорскнинг “Шахтёр” ва Борисовнинг БАТЭ клуби даъвогарлик қилиши аниқ бўлиб улгурди. Мусобақа якунланишига етти тур қолган айни пайтда ҳар икки жамоа 46 тадан очко жамғариб, жадвалнинг дастлабки икки қаторини банд этиб турибди.
Учинчи ўриндан жой олган “Нёман” пешқадамлардан беш очкога ортда қолмоқда ва чемпионлик учун даъвогарлик қилолмаслиги ҳақиқатга яқин. Бу жамоа жорий мавсумда “Шахтёр” билан икки бор дуранг қайд этиб, БАТЭга қарши уй ва сафар учрашувида имкониятни бой берган.
Айтиш жоизки, Беларусь чемпионатида тўпурарлар баҳсидаги курашга ҳам интрига қайтди. Ҳозирча, биринчи ўринни эгаллаб турган ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев 23-тур учрашувида “Витебск” дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг 5:0 ҳисобидаги ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Шу гол билан ўзбекистонлик футболчининг ҳисобидаги аниқлар зарбалар сони 13 тага етди.
Жасур Яхшибоев “Энергетик-БГУ”дан “Шахтёр”га ўтганидан кейин, қисқа фурсат ичида асосий таркибга кириш баробарида, жамоа етакчилигини қўлга олган бўлса-да, гол уриш бўйича барқарорликка эриша олгани йўқ. Ўзбекистонлик ҳужумкор футболчи солигорсклар таркибида еттита учрашувдан учтасида тўртта гол уришга муваффақ бўлди. Айри учрашувларда майдонни қуруқ тарк этишга мажбур бўлди.
Яхшибоев рақобатчиларидан ўзиб кетган бўлса-да, ўзини хотиржам ҳис қилиши учун ҳали эрта. Тўғрироғи, бу ёғига мунтазам равишда рақиб дарвозасига йўл топмаса бўлмайди. Чунки Беларусь чемпионатининг сўнгги учрашувларида узлуксиз гол ураётган ҳужумчи пайдо бўлди. БАТЭнинг тажрибали футболчиси Максим Скавиш кетма-кет олтита учрашувда рақиблар дарвозасини саккиз маротаба аниқ нишонга олди ва голлари сонини 11 тага етказиб олди. Агар бу ҳужумчининг голли серияси шу тариқа давом этадиган бўлса, тез орада Жасурни қувиб ўтиши мумкин.
Тўпурарлар баҳси ҳақида гап кетганда БАТЭнинг яна бир тажрибали футболчиси Павел Нехайчикнинг кўрсаткичлари ўсиб бораётганига эътибор қаратиш лозим. Бу футболчи ҳам барқарор ўйини билан голлари сонини 9 тага етказиб олди ва тўпурарлар баҳсида Яхшибоев билан рақобатга киришган.
Шунингдек, “Торпедо-БелАЗ”нинг бразилиялик легионери Габриэл Рамос ҳам иккинчи даврадан кўп гол ура бошлади ва ҳозирча ўз ҳисобига 9 та аниқ зарба ёзиб қўйди. “Витебск”нинг молдовалик ҳужумчиси Ион Николаеску эса, биринчи даврадаги сермаҳсуллигини намойиш эта олмаяпти. Чемпионатнинг иккинчи ярмида саккита ўйинда атиги иккита гол урди. Шундай бўлса-да, у ҳам ҳозиргача тўққизта гол муаллифига айланган.
Ўз навбатида, Жасур Яхшибоев Беларусь чемпионатидаги ўйини билан хорижий мутахассислар эътиборига тушганини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, ёш футболчимизни Киевнинг "Динамо" жамоаси кузатувга олган.
Фикрлар