"Ёқимли тарафи кучли рақиблар билан ўйинлар ўтказяпмиз" - "Андижон" футболчиси Анталия йиғини, ўртоқлик баҳслари ва қуръа ҳақида
Биласиз, “Андижон” клуби ҳам янги мавсумга тайёргарликни Туркиянинг Анталия шаҳрида қизғин равишда давом эттиряпти. Жамоадаги барча футболчилар юқори кайфиятда машғулотларда қатнашишяпти. Бундай меҳнат билан жамоа аъзолари албатта чемпионатда ўз мухлисларини хурсанд қила олади.
Ўтказилаётган назорат ўйинлари ҳам “Андижон”га ижобий таъсирини кўрсатиши табиий. Чунки футболчилар ўйинлар орқали янада тажриба тўплаб боришяпти. Жамоанинг иқтидорли футболчиларидан бири, ҳимоячи Абдувоҳид Ғуломовдан бу сафар ҳам умид катта. У жамоадошлари сингари машғулотларда астойдил тер тўкяпти ва қаттиқ меҳнат қиляпти.
Дарвоқе, яқинда янги мавсум учун қуръа ҳам ташланди. Унга кўра, “Андижон” сафарда ОКМК билан ўйнайдиган бўлди. Бу ҳам ўзига яраша қизиқарли тўқнашув бўлади. Жамоамизнинг иқтидорли футболчиларидан бири, ҳимоячи Абдувоҳид Ғуломов ўртоқлик учрашувлари, қуръа ва Анталия йиғини хусусида фикрларини билдирди.
“Ёмон ўйин намойиш этмадик”
“Ўйинларимиз ҳақида таассуротларим яхши. Аввало, “Селимбар”га қарши учрашув тўғрисида тўхталсам, биз ўйиндан аввал рақиб ҳақида маълумотга эга эмасдик. Шу сабабдан ҳам ўйин натижасига таъсир қилди, деб ўйлайман. Аммо ёмон ўйин намойиш этмадик. Вазиятлар ярата олдик. Бироқ уларни голга айлантира олмадик ва дуранг билан тугади”.
“Кучли рақибга қарши майдонга тушдик”
“Иккинчи ўйинда Грузиянинг “Сабуртало” жамоаси билан ўйнадик. Биз кучли рақибга қарши майдонга тушдик. Гол урдик. Лекин ғалабани сақлаб қола олмадик. Ўйлайманки, ҳозирги жараёнда натижанинг аҳамияти катта эмас. Асосийси, жамоа ўйинини шакллантириб, уни кучайтиришда. Биз шунга ҳаракат қиляпмиз”.
“Йиғин аъло даражада ўтяпти”
“Анталия йиғинимиз аъло дажада ўтяпти. Тайёргарлигимиз жуда яхши ва аҳамиятли бўляпти. Ёқимли тарафи кучли рақиблар билан ўйинлар ўтказяпмиз. Бу бизга албатта ижобий томондан асқотиши аниқ”.
“Мавсумни ғалаба билан бошлаш учун бор кучимизни сарфлаймиз”
“Суперлига қуръасига келсак, биринчи учрашувни сафарда ўтказадиган бўлдик. Барибир мавсум мобайнида ҳамма рақиблар билан ўйнаб чиқишимиз керак. Шу боисдан мен учун катта аҳамиятга эга эмас. Худо хоҳласа, мавсум давомида ғалабаларимиз билан мухлисларимизни хурсанд қиламиз. Албатта, чемпионатни уч очко билан бошлаш учун бор кучимизни сарфлаймиз ва мақсадимизга эришишга ҳаракат қиламиз”.
“Хоҳиш ва иштиёқсиз ҳеч нимага эришиб бўлмайди”
“Жамоадаги барча йигитларнинг кайфияти аъло даражада. Хоҳиш ва иштиёқсиз ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам бизда иштиёқ юқори даражада”.
Фикрлар