Ёрқин Назаров: "Россия клубига кетишим керак эди, тўғриси, "Турон" таклифини кутмагандим"

“Турон” клубида яна янги бош мураббий иш бошлади. Бу сафар Ёрқин Назаров таклиф қилинди. Эртага Бекободда “Металлург”га қарши учрашувга жамоани Назаров тайёрламоқда.

Айтиш мумкинки, у  “Турон” билан шартнома имзолади. Sports.uz журналисти эса жамоанинг янги устози билан боғланди.

- Одатда қайсидир мураббийни ишдан кетганидан сўнг бошқа клубда иш бошлаши учун маълум вақт талаб қилинади. Лекин сиз билан бошқачароқ вазият содир бўлди. “Сўғдиёна”дан кетдингиз ва орадан кўп вақт ўтмасдан “Турон”да иш бошладингиз. Бу таклифни кутганмидингиз?

- Тўғрисини айтсам, таклифни кутмагандим. Россия иккинчи дивизионидан таклиф тушганди, шанба куни кечки пайт жўнаб кетишим керак эди. Лекин оилам хоҳламади. Кейин ўзимиздан таклиф бўлиб қолди. “Турон” чақирувини яхшилаб ўрганиб чиқдим ва қабул қилдим. Ҳозир жамоа қийинроқ вазиятда. Шундай бўлса ҳам ижобий натижа учун охиригача ҳаракат қиламиз.

- Россиядан қайси клуб хизматингизга қизиқиб қолганди?

- “Машку Пятигорск”.

ёрқин1_1

- “Турон”даги вазифангиз табиийки, жамоани Суперлигада сақлаб қолиш. Бунинг учун қандай режаларингиз бор?

- Бизда “А” ва “Б” режалари бор. Кўп нарса “Металлург”га қарши ўйиндан кейин маълум бўлади. Агар ҳозирги таркиб сақлаб қолинадиган бўлса, вазифани бажариш яхшироқ бўларди. Агарда таркибни сақлаб қола олмайдиган бўлсак, истеъдодли ёшлар билан давом эттирамиз.

- Ёзги селекцияда таркибга янги футболчиларни жалб қилиш режангиз борми?

- Режада футболчилар бор. Лекин барчаси “Металлург”га қарши учрашувдан кейин маълум бўлади. Боя айтганимдек, бизда “А” ва “Б” режалари бор. Агар таркиб сақланиб қолинса ва уларга 3-4 та ўйинчиларни қўшсак тайёр жамоа. 3-4 кун шуғуллантирдим. Айтишим керакки, қишда яхши селекция бўлган. Тажрибали футболчилар. Лекин нимадир сабаб бўлиб, омади келмади.

ёрыин1_1

- Бунгача “Турон”ни кузатган бўлсангиз, сизда қандай таассурот қолдирди?

- Олдин томоша қилган бўлсам, шунчаки кўрардим. Таклиф бўлганидан кейин “Турон”нинг “Қизилқум” билан ўйинини яхшилаб кузатдим. Йигитлар ёмон ўйнашмади, фақат омад юз ўгирди. “Қизилқум” билан учрашувини таҳлил қилиб чиқдим. Ютса ҳам бўларди, ютқазиб қўйиши ҳам мумкин эди. Дастлабки таассуротим шундайки, қишда яхши селекция бўлган. Легионерлар кетган тақдирда ҳам жамоа ўйини яхши. Барча чизиқларда маҳоратли ўйинчилар бор. Нега омадсиз қатнашишганини тўғриси билмадим.

- “Турон” ҳали ғалабасиз сериясини давом эттиряпти. Балки “Металлург”га қарши баҳсда жамоа сизнинг бошчилигингизда бунга чек қўйиш имконияти ҳам бор. Бу эса сизга бош мураббий сифатидаги дебютингизда мотивация беряптими?

- Ҳа, бу менга ҳам мотивация беради. Ижобий натижага эришишга ҳаракат қиламиз. Менимча, бу йигитларга ҳам мотивация. Балки кўп нарса бўлажак учрашувга боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.

Шуҳратбек Жўраев.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!