
Ёш теннисчиларимиз бош совринни кўзламоқда
Халқаро теннис федерацияси мусобақалари тақвимидан жой олган “J60” таснифига кирувчи халқаро турнирга Наманган шаҳри мезбонлик қилмоқда.
Ўсмирлар ўртасида ўтаётган мазкур мусобақада теннисчиларимиздан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳонг Конг, Тожикистон ва Хитой каби давлатлардан келган ракетка усталари баҳслашмоқда.
Яккалик баҳсларида ҳамюртларимиздан Абдулазиз Усмонжонов ва Нуриддин Бахтиёров чорак финалга йўл олди. Энди Абдулазиз ярим финал остонасида нейтрал теннисчи Рафаэл Асадуллин билан куч синашса, Нуриддин қозоғистонлик Диас Тулепбергеновга қарши кортга чиқади.
Шунингдек, жуфтлик беллашувларида Абдулазиз Усмонжонов ва Сухроб Саидов тандеми чорак финалда қозоғистонлик Тимур Сауленко ва Аидин Батирбековни 6:3, 6:7, 10:4 ҳисобида таслим қилди.
Қизлар ўртасида Шаҳзода Ортиқбоева ҳамда Самира Қозиева жуфтлиги ярим финал босқичига йўл олиб, нейтрал теннисчилар Мария Маслиакова ва София Ведерникова билан куч синашадиган бўлди.
Фикрлар