Ёш хоккейчимизнинг АҚШдаги машғулотлари қандай ўтмоқда? (Фото)
АҚШнинг Финикс шаҳридаги хоккей академиясининг таклифига биноан ёш хоккейчимиз Салоҳиддин Азимов Қўшма Штатларга ташриф буюриши ҳақида маълум қилган эдик. Айни пайтга спортчимиз тенгқурлари билан ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Спортчимиз бу ҳақида ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан, Америка хоккей мактабининг ўзига хосликлари ҳақида шундай дейди:
“Бу ерда хоккей кутганимиздан ҳам кучли экан. 3 йил Қозоғистон ва 2 йил Россияда тенгқурларим билан ўйнаб шуни айтишим мумкинки, бунақа даражадаги қийин хоккей ва кучли маҳорат эгалари билан ҳали тўқнаш келмадим. Мени бу ерда илиқ қабул қилишди. Мураббийлар шу пайтгача мен кўрмаган машғулотларни ўргатишмоқда. Айниқса, бу академиянинг конькида ҳаракатланиш бўйича энг кучли мактабга эга экани ҳақида эшитганларим ҳақиқатлигига гувоҳ бўляпман”, – дейди Салоҳиддин Азимов.
Аҳамиятлиси, ёш хоккейчимизнинг отаси йиғин якунлангач маҳаллий клублардан бирининг ёшлар жамоаси билан шартнома имзоланиши кутилаётгани ҳақида маълум қилди. Бу борадаги якуний қарор келаси ойда аниқ бўлади.
Фикрлар