Ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Саида Маҳмудова Ўзбекистон стол тенниси федерациясининг янги президенти
Ads

 

Гувоҳи бўлаётганингдек, сўнгги пайтда ўзбек спортида катта ўзгаришлар содир бўлмоқда. Спорт федерациялар ва ассоциациялар раҳбариятидаги янгиланишлар ҳам ушбу ислоҳотлардан четда қолаётгани йўқ.

Шу кунгача Ўзбекистон каратэ, таэвкондо WTF, енгил атлетика, "Rowing & Canoe" федерацияларининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциялари ташкил қилиниб, ташкилотларга янги раҳбарият сайланди ва улар олдига янги вазифалар белгилаб берилди.

Ана шундай конференциялардан бири бугун Ўзбекистон стол тенниси федерацияси билан ўтказилди. Миллий олимпия қўмитасида ташкил қилинган ушбу йиғилишда МОҚ ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари, Ўзбекистон стол тенниси федерацияси ходимлари иштирок этди.

Кун тартибидан ўрин олган асосий масалалар ташкилотга янги президент, вице-президент ва бош котиб сайлашдан иборат эди.

Сир эмаски, стол тенниси бўйича Осиё мамлакатлари вакиллари дунё миқёсида етакчи ҳисобланадилар. Уларга рақобат туғдириш борасида манаман деган давлат вакиллари ҳам яхшигина қийинчиликка дуч келадилар. Аммо, бугунги кунда спортнинг ушбу тури тараққий этган мамлакатлар даражасига кўтарилиш, ўзбек спортчиларини улар билан тенгма-тенг рақобатга тайёрлаш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда, собиқ спортчи, мураббий, шу кунгача стол тенниси федерациясида бош котиб лавозимида фаолият юритиб келаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби Саида Саидикромовна Маҳмудова номзоди ташкилот раҳбарлигига таклиф этилди. Делегатлар бир овоздан С.Маҳмудова номзодини қўллаб-қувватладилар. Шу тариқа, Саида Маҳмудова Ўзбекистон стол тенниси федерацияси президенти этиб сайланди.

Шундан сўнг ташкилот вице-президентлиги учун номзодлар таклиф этилди. Унга кўра, Назиржон Худойқулов ва Григорий Хван номзоди ҳам йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди. Бош котиб лавозимига эса Акмалжон Ҳамроев сайланди. Ўз навбатида Саида Маҳмудова ўзига билдирилаётган ишончни оқлаш учун бор имкониятини ишга солишини маълум қилди.

"Бу ерда ўтирганларнинг деярли барчаси билан танишмиз, бирга ишлаганмиз. Умид қиламанки, ҳамжиҳатликда ўзбек стол теннисининг мавқеини янада юқориларга кўтарамиз. Ўзимга билдирилаётган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан ва бунинг учун бор кучимни беришга тайёрман", - деди Саида Маҳмудова.