Ёшлигини Яхшибоевга ўхшатган, сербча комедияларни ёқтирадиган...Ёки вирус устидан ғолиб чиқишимизга ишонаётган Драган Черан нималар деди?

Сўнгги мавсумларда чемпионатимизнинг энг яхши легионери бўлиб келаётган “Пахтакор”нинг сербиялик ҳужумчиси Драган Черан ўтган вақт давомида кўплаб мухлисларига эга бўлди. Натижада Суперлигамиздаги легионерлар ҳақида гап кетганда улар учун Черан намуна сифатида кўрсатилмоқда. Драган янги мавсумни ҳам ўзига хос тарзда самарали бошлаганди. Лекин эндиликда вазият ўзгариб, ҳамма жойда карантин жорий этилгач, бошқалар қатори Черан ҳам уйда қолмоқда. Биз эса унга ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.  

- Карантин пайтида нима қиляпсиз? Футболсиз зерикиб қолаётгандирсиз-а?

- Ҳа, зерикдим. Айтишим керакки, бу барчамиз учун қийин бўлган пайт, айниқса, футбол клублари ва ўйинчиларга. Ҳозирги пайтда эса биз уйда, оиламиз билан бирга карантиндамиз. Аммо уйда бекор ўтирганимиз йўқ. “Пахтакор” мураббийлари томонидан бизларга юборилган махсус дастур асосида уйда индивидуал тарзда ишлаяпмиз. Айниқса, жисмоний ҳолатимизни, спорт формамизни ушлаб туриш ҳамда чемпионат баҳслари бошланганида бизга осонроқ бўлиши учун якка тартибда бўлса-да, машғулотлар ўтказиб турибмиз.

черан4

- Бундай пайтда футбол ўйинларини томоша қиляпсизми ёки...

- Белоруссия чемпионатини Жасур Яхшибоев сабабли кузатиб боряпман.

- Сизнингча, Жасур Яхшибоев нима учун ўзини “Пахтакор”да кўрсата олмади?

- Уни жуда ҳам ёқтираман. Жасур менинг ёшлигимни эслатиб юборади. Ҳамиша унга қарши ўта хушёр ўйнашинг керак. Яхшибоевнинг ёши ва характери сабабли катта потенциалга эга. Жасурдан келажакда ҳали кўп яхши натижаларни кўрамиз деб ўйлайман.

- Сербияга қайтишга ҳаракат қилмадингизми?

- Йўқ, уйга кетишга ҳаракат қилмадим.

черан7

- “Пахтакор”га янги қўшилган тажрибали ҳужумчи Эрен Дердийок ҳақида фикрингиз қандай?

- Яхши инсон, ижобий шахс, улкан тажрибага эга. У катта футболчи, машҳурликка эришган ва ўзига яраша номи бор.

- Суперлига қачон давом эттирилиши ҳали номаълум. Олдингидек спорт формасига кириш энди жуда қийин бўладими?

- Яна ўша амалиётга эга бўлиш, яна футбол ўйнашни сабрсизлик билан кутяпман. Албатта, ҳозир жуда қийин пайт. Ушбу вирус ҳозирча биздан кўплаб ёқтирган нарсаларимизни ва ишимизни олиб қўйди. Лекин биз бу вақт ичида янада кучлироқ ҳамда бирлашган ҳолда қайтамиз деб ўйлайман.

- Карантин пайтида уйда кўпроқ қандай киноларни кўряпсиз?

- Сербча комедияларни энг яхшиси деб ўйлайман. Биз юмор, ҳазил мутойиба бўйича энг яхши саҳналарга эгамиз. Шу сабабли бизнинг киноларимиз ҳам жуда қувноқ ва ҳазилларга тўла.

- Сизга қайси актёрлар ёқади?

- Комедия актёрларидан Жим Керри, Рован Аткинсон, Кевин Хард ва Крис Рокларни танлайман.

черан_1

- Шунингдек, карантин чоғида уйда ўтиришнинг ҳам фойдали томонлари борми?

- Бу фойдали, лекин доим ҳам эмас.

- Шота Арвеладзе билан ҳам мулоқот қилиб турибсизми ёки фақат унинг ёрдамчилари билан гаплашяпсизми?

- Бизнинг умумий хабарлар ёзишадиган гуруҳимиз бор. Унда футболчилар ва мураббийлар штаби бор. Биз ҳар куни бир-биримиз билан алоқадамиз. У ўзининг ижобий фикрлари билан бизга ёрдам беряпти ва бу йўлда жамоавий руҳ янада шаклланиб боряпти.

- Карантин пайтида ҳам “Пахтакор” сизларга ойлик маош тўлаяптими ёки...

- Ҳа, ҳаммаси ҳозиргача юқори савияда. Шунингдек, улар “Пахтакор”да барчага ҳурмат кўрсатишяпти. Бу ҳам бизнинг нима учун энг яхши жамоа бўлиб турганимизнинг сабабларидан бири.

черан6

- Нима деб ўйлайсиз, карантин қачон тугаркин-а?

- Умид қиламанки, Ўзбекистон аҳолиси берилган кўрсатмаларга амал қилиб уйда қолади, хушёр бўлади ва биз биргаликда ушбу ёмон рақибни енга оламиз. Умид қиламанки, бу тез орада рўй беради.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!