Ёзда "текин" бўладиган 10 юлдуз!
Ҳозирги кунда футболда ақлбовар қилмас нархлар ишлатилмоқда: трансферларда, маошларда, ҳомийлик шартномаларида, ўйинларга билетларда. Ҳозирда бирор нарсани ўз нархида сотиб олиш жуда қийин бўлиб қолди. Агарда жамоа пулни тежашни хоҳласа, футболчини жамоага қўшиб олиш учун футболчининг шартнома муддати тугаб эркин агентга айланишини кўзлаб туради.
Ёзда юзлаб футболчилар эркин агентга айланишади. Биз эса ҳозир шулар орасидан энг машҳур 10 футболчининг рўйҳатини тақдим этамиз.
- Виллиан “Челси”
Лэмпарднинг жамоага келиши билан Виллиан ўзининг юқори формасига қайтди. 31 ёшли футболчи ҳозирда “Челси”нинг етакчиларидан бири. Сардорлик боғичини ҳам тез-тез тақиб турибди.
Унинг ёшини ҳисобга олган ҳолда, клуб футболчига янги шартнома таклиф қилиш борасида шошаётгани йўқ. Виллианга бир қанча жамоалар, жумладан: “Барселона”, “Ювентус” қизиқиш билдиришмоқда.
Балки, Виллиан, унинг ўрнида бўлишни истаётган Каллум Хадсон-Одои ва Кристиан Пулишичлар борлигига қарамасдан жамоада қолар.
- Райан Фрейзэр “Борнмут”
“Борнмут” вингери ёзда эркин агент бўлиши кутилаётган юлдузлардан бири. У ҳатто, асосий таркибда ҳам майдонга тушмаяпти.
Тезкор футболчиларни ёқтирадиган “Арсенал” Фрейзэрга доимо жиддий қизиқиш билдириб келган. Яқинда эса қишки трансфер ойнасида “Манчестер Юнайтед” футболчини сотиб олишга урингани ҳақида миш-мишлар тарқалди.
- Тома Мёнье “ПСЖ”
28 ёшли белгиялик футболчи “ПСЖ”нинг суперюлдузларидан бири эмасдир, аммо Тухел жамоасининг асосий футболчиларидан бири ҳисобланади. Футболчининг ўзи ҳам яқинда “Парк де Пренс”ни тарк этмоқчи эканлигини айтиб ўтган.
Жамоа танлашда қийинчиликка дуч келмаслиги аниқ. Унга “Ювентус” ва бир қанча АПЛ жамоалари қизиқиш билдирмоқда. Январда “МЮ” уни сафига қўшиб олишига бир баҳя қолди. Аммо негадир трансфер амалга ошмади.
- Дрис Мертенс “Наполи”
Дрис Мертенс “Наполи”дан кетиши аниқ. Аммо қаерга эканлигини аниқлаш қолди, холос. Дрис Мертенс Неаполда алмаштириб бўлмас футболчи ва афсонага айланди. “Наполи”даги энг яхши мавсуми – 2016/2017 йилги мавсум ҳисобланади. Ўшанда Мертенс 46 та ўйинда 34 та гол урган эди.
Яқиндагина Диего Марадонанинг рекордини янгилади. Энди у Марадона урган 115 та голдан ҳам ўзиб кетди. Мертенсни ўзига қўшиб олишни истовчи жамоалар – Хитойнинг бир қанча клублари, “Атлетико”, “Интер”, “Милан”, “Ювентус” ва “Челси”.
- Эдинсон Кавани “ПСЖ”
Доимо иккинчи бўлишдан чарчаган Кавани “ПСЖ”дан кетишини эълон қилди. Жамоадагилар унинг қароридан ҳайрон қолишди, аммо нима ҳам қила олишарди.
Қишда трансфер амалга ошиши мумкин эди, лекин негадир бу рўй бермади. Ёзда эса эркин агентга айланиши кутилаётган футболчи учун кураш жиддий тус олади.
Ўзининг собиқ жамоаси – “Наполи” футболчини ўз сафига қўшиб олишга уринади. Яна “Челси” ва “Манчестер Юнайтед”лар ҳам ҳужумчи учун курашга кириши кутилмоқда.
- Неманья Матич “Манчестер Юнайтед”
Январ ойида кўпчилик Матични “Интер”га ўтишини кутган эди. Аммо бунинг ўрнига у Мактоминайнинг жароҳати туфайли “МЮ”нинг марказида энг муҳим футболчига айланиб қолди. Жамоада Фред ва Бруно Фернандешлар борлигини ҳисобга олсак, “Қизил иблислар” Матичга янги шартнома таклиф қилмаслиги эҳтимолга яқинроқ.
- Марио Гётце “Боруссия Дортмунд”
2014 йилги мундиал финали қаҳрамони ўша даврлардагидек ўйинини кўрсата олмаяпти. “Бавария”га ўтиши, кейин яна “Боруссия”га қайтиши, футболчининг фаолиятида пасайиш кузатилишига сабаб бўлди.
Ёзда эркин агентга айланиши кутилаётган футболчи исталган жамоанинг асосий таркиб футболчисига айланиши мумкин. Балки, ўзининг машҳур футболчи бўлиб етишишига ёрдам берган собиқ устози Юрген Клопп ёнига борар. Воқеаларни эса кузатамиз.
- Хосе Кальехон “Наполи”
Испаниялик футболчи “Наполи”нинг афсонасига айланмаган бўлса-да, етти мавсум давомида урган 79 та голи унга нисбатан ҳурмат сақлашга асос бўлади. Эркин агентга айлангач, футболчига қизиқиш билдирувчи жамоалар кўп бўлишига шубҳа йўқ.
32 ёшли футболчи иккала қанотда ҳам бемалол ўйнай оладиган универсал вингер ҳисобанади. Хосе Испанияга қайтиши мумкин. Чунки унга “Эспаньол” жиддий қизиқиш билдиряпти. Балки собиқ устози Карло Анчелотти уни Англияга чақирар.
- Ян Вертонген “Тоттенхэм”
“Шпорлар” Тоби Алдервейрелдни жамоада сақлаб қола олади. Энди эса Вертонгенни ҳам қолишига умид қилишяпти.
32 ёшли ҳимоячи жамоанинг энг асосий футболчиларидан бири ҳисобланади. Унинг агенти ҳам футболчи “шпорлар” билан янги марраларни забт этмоқчи эканлигини таъкидлаб ўтган.
Шундай бўлишига қарамасдан футболчига “Интер”, “Наполи” ва “Аякс” жиддий қизиқиш билдиряпти.
- Блез Матюиди “Ювентус”
Кўпчилик Матюидини ўтган ёздаёқ жамоани тарк этишини кутишган эди. Бунга сабаб жамоа Аарон Ремзи ва Адриан Рабьоларни сотиб олгани бўлди. Лекин француз жамоада қолди. 2020 йилда шартномаси якунига етадиган футболчи катта эҳтимол билан эркин агентга айланади.
Футболчиларни текинга харид қилиш бўйича устага айланган “Юве” ўз футболчисини текинга қўйиб юборишни истамаса керак. Италия нашрларининг хабарига кўра, жамоа Блезга янги шартнома тайёрлаяпти. Бошқа хабарларга кўра эса, унинг ўрнига аллақачон футболчи топилган. Бу – Каземиро.
Фикрлар