Юлдузлар керак эмас! “Реал” янги йилда қайси ўйинчиларни олишни белгилади
ESPN журналистларининг хабар беришича, Мадриднинг “Реал” клуби келаси ёзда жамоани кучайтириш мақсадида марказий ҳимоячилар бозорини синчковлик билан ўргана бошлади.
Манба маълумотларига кўра, “Қироллик клуби” трансфер сиёсатини бироз янгилаб, тажрибали ва таниқли ўйинчилар ўрнига асосан ёш истеъдодларни олишга эътибор қаратадиган бўлди.
Бундан келиб чиқиб, узоқ вақт мадридликлар нишонида турган “Ливерпуль” марказий ҳимоячиси Иброҳим Конате, “Бавария” билан хайрлашаётган Дайо Упамекано ва “Кристал Пэлас” сардори Марк Гехи вариантларидан воз кечилди.
“Реал” уларнинг ўрнига “Боруссия Дортмунд”дан Нико Шлоттербек ҳамда “Ренн”да ўйнаётган ҳимоячи Жереми Жакега эътибор қаратмоқда.
Бундан ташқари, “Реал” ўз академияси ўйинчиларининг ривожланишини ҳам диққат билан кузатиб боряпти. Хусусан, “Кастилья”да ўзини кўрсата бошлаган Хоан Мартинес ҳамда ҳуқуқлари “Комо”га тегишли бўлган Хакобо Рамоннинг ўсишини скаутлар мунтазам назорат қиляпти. Рамоннинг Италия клуби билан шартномасини уни келаси йили 8 миллион еврога сотиб олишни таъминловчи банд бор ва мадридликлар бу имкониятдан фойдаланишни режалаштириб қўйган.



Фикрлар