Юқори Чирчиқда янги спорт иншооти қад ростламоқда
Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманида вилоят стол теннисчиларининг мазкур спорт тури билан шуғулланишлари учун имконият яратиш мақсадида янги спорт иншооти қурилмоқда.
Жумладан, мазкур спорт иншооти Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг тасарруфидаги 19-умумтаълим мактаби ҳудудида туман ҳокимияти ҳамда таълим муассасаси ёрдами билан барпо этилмоқда. Стол тенниси учун мўлжалланган ушбу иншоот 36Х23 метр бўлиб, унда кийиниш ва ювиниш хоналари, тиббиёт хонаси ўрин олади. Иншоот машғулотлар жараёнида бир вақтнинг ўзида 40 нафар теннисчини ўз бағирига сиғдира олади. Агарда, мусобақа ўтказилса 10 нафар жуфтлик ўзаро рақобатлаша олади.
Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Саида Маҳмудов жорий йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топшириши кутилаётган спорт иншоотининг қурилиш жараёни, лойиҳаси ва олиб борилаётган ишлар билан тўлиқ танишиб чиқиб, маҳаллий стол тенниси мутахассисларига спорт залидан келажакда самарали фойдаланишлари учун ўз маслаҳатларини берди. Шунингдек, қурилиш ва жиҳозлаш ишларини бажараётган мутахассисларга миннатдорчилик билдирди.
Фикрлар