Юртимизда поло спорт тури оммалашмоқда

Мамлакатимизда поло спорт турини ривожлантиришга ихтисослашган янги клуб фаолияти ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш ҳамда замонавий бешкураш ва поло спорт турини оммалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ушбу спорт турини мамлакатимизда оммалаштириш, шу мақсадда спорт клублари фаолиятини ташкил этиш белгилаб қўйилган.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш, қолаверса юртимиз ёшлари орасида поло спорт турига бўлган қизиқишнинг тобора ортиб бораётганлигини инобатга олган ҳолда мамлакатимизда фаолият кўрсатиб келаётган “Мега-спорт” клуби ўз қошида поло йўналишини ҳам ташкил этишга қарор қилди.

Шу мақсадда яқинда пойтахтимиздаги “Simma Hotel” меҳмонхонасида “Мега-спорт” поло клубининг тақдимот маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги бўлим бошлиғи Умид Ражабов, Ўзбекистон поло федерацияси раиси Баҳромжон Газиев ва бир қатор мутасаддилар иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда мана шундай спорт клубларининг ташкил этилиши Ўзбекистонда от спорти ва йилқичилик йўналишларини кенг оммалаштиришга хизмат қилиши баробарида ёшларимизни ушбу спорт турига бўлган қизиқишини оширишини алоҳида эътироф этишди.

Дарвоқе, поло спортини ривожлантиришда ўзимизнинг маҳаллий қорабайир зотига мансуб тулпорлардан фойдаланилиши, бу эса ўз навбатида юртимизда йилқичилик соҳасининг ҳам ривожига хизмат қилади. Шу билан бирга қорабайир зотига мансуб отларни экспорт қилиш имкониятлари ортишини таъминлайди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!