Зафар Холмуродов: "Тўғриси, бундай натижани ҳеч ким ўйламаганди"
“Насаф” клубининг собиқ юлдузларидан бири Зафар Холмуродовни мухлислар яхши эсалашади. Жамоаси учун жуда катта меҳнат қилган ва Ўзбекистон чемпионати тарихидан жой олган. Айни пайтда Холмуродов “Насаф” U-21 жамоасини бошқаряпти.
Биласиз, “Насаф” Суперлигани мағлубият билан бошлади ва бу орқали кўпчиликни ажаблантириб қўйди. Бу борада кўпчилик турлича муносабат билдиряпти. Холмуродов ҳам бевосита учрашувни стадионда кузатиб борди.
Дарвоқе, унинг ўғли Азиз Холмуродов ҳам аста-секин асосий таркибга жалб қилиняпти. “Андижон”га қарши учрашувда ушбу ўйинчи захирадан майдонга тушди. Дадаси Зафар Холмуродов эса “Насаф”нинг “Андижон”га ютқазиб қўйганига қуйидагича муносабат билдирди.
“Биласизми, ҳар бир жамоани ҳурмат қиладиган ҳолатимиз бўлиши керак. Доим айтаман: ҳар қандай рақибга ҳурмат билан қараш керак. Ким бўлишидан қатъий назар, у пастки ўринда бўладими ёки юқоридами, тайёргарлик рақибни ҳурмат қиладиган даражада бўлиши лозим. “Андижон” жамоаси қарши ҳужумда ўйнади. Бундай тактика билан ўйнаган жамоага қарши ўйнаш қийинроқ. Бу биринчи учрашув, чемпионатнинг боши, бундай пайтда мухлислар қаршисида осон бўлмайди. “Андижон” пухта тайёргарлик кўрган экан. Камчиликларимиз олдинги чизиқ билан боғлиқ. Ҳужумда имкониятларимиз паст бўлди. Барибир ҳимоявий ўйнаган жамоа билан курашиш қийинроқ. “Насаф” имконият қидирди, лекин фойдалана олмади. Омад рақиб жамоага кулиб боқди. Гол урилган ўша вазиятда зарба берилди, дарвозабон буни кутмаганди. Бу – футбол. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Футболчилар ёмон тўп суришмади.
Тўғрисини айтсам, мен ҳам бундай натижани кутмагандим. Бу каби ҳисоб бўлишини ҳеч ким ўйламаганди. “Андижон” ўтган йили про лигада ўйнаб бу йил Суперлигага қайтди. Бундай футболчиларни йиғиши ва бундай тактика танлаши ҳеч кимни ҳаёлига келмаган. “Насаф”да аксарият ўйинчилар биргаликда тўп суриб келишяпти. Тўғри, 2-3 та янги футболчилар қўшилган. Улар кейинги учрашувларда жамоага қўшилиб кетади. Лекин бундай қўшилиб кетишлари ҳам қийин бўлади. Ҳа, “Насаф” футболчилари ёмон ўйнашмади, яхши ҳаракат қилишди. Фақат вазиятлар камроқ бўлди. “Андижон” мени ҳайрон қолдирди.
“Насаф”да жароҳат олган футболчилар бор. Марко Станоевич, Лима Круз каби ўйинчилар истайсизми-йўқми, жамоа етакчилари. Уларни ўрни билинади. Айниқса, ҳужумда Лиманинг йўқлиги сезилди. Ҳужумчингиз зўр бўлса ҳеч қанақа муаммо бўлмайди.
Норчаевга келадиган бўлсак, раҳбарият тўғри қарор қабул қилган бўлса, демак четга кетишига розилик билдиришган. Уни ушлаб турилса вақт ўтаверади. Ўзбекистон чемпионатида ўзини кўрсатди. Ҳамма Хусайнни билади. Энди савияси юқори чемпионатда ўзини кўрсатиши керак. Омадини берсин. Бундан ҳам яхшироқ клубларда тўп суришига тилакдошман”, - дейди Зафар Холмуродов.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар