Зидан қуйи лига клубида асосий фигурага айланди

Машҳур футбол юлдузи Зинедин Зиданнинг дарвозабон ўғли Люка Жазоир миллий терма жамоаси сафида Африка Миллатлар кубогида иштирок этганидан кейин бирданига ишлари юришиб кетди.

Испания чемпионатининг қуйи лигасида “Гранада” дарвозасини қўриқлаётган Люка Зидан жамоанинг асосий посбонига айланди. Мадриднинг “Реал” клубида тарбияланган бу голкипер Марокаш мезбонлик қилган Африка Миллатлар кубоги мусобақасида мухлислар диққатини қозонган шахслардан бири бўлди.

Франция терма жамоасига кира олмаслигини яхши билан Люка келиб чиқиши Жазоирга бориб тақалгани учун халқаро майдонда ушбу мамлакат шарафини ҳимоя қилишни танлади.

Люка Зидан қитъа чемпионатидаги ўйинлари билан ўзига катта шубҳа билан қараган жазоирлик мухлисларнинг меҳрини қозона олди. Аммо “Гранада”даги вазият мураккаб эди. Боиси, Андалусия клуби бутун трансфер ойнаси давомида жазоирлик дарвозабонга рақобатчи қидирди.

27 ёшли голкипер Африка чемпионатидан қайтганидан кейин кутилмаганда “Гранада” сафида ўта ишончли ўйин кўрсатди ва жамоа бешта ўйиндан фақат биттасида “Леганес”га мағлуб бўлди. Қолган баҳсларда учта ғалаба ва битта дуранг қайд этди.

Айниқса, хавфли ҳудудда бораётган “Гранада”нинг мусобақа пешқадами “Расинг Сандер”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этишида Люканинг хизматлари катта бўлди. Жамоа ишончли ўйинлар ва дарвозани мустаҳкам қўриқлаётган Зидан ёрдамида хавфли ҳудуддан узоқлаша бошлади.

Айтиш мумкинки, жамоада асосий дарвозабон борасидаги баҳслар тезда барҳам топди. Люка Зидан Марокашга кетган пайтда унинг ўрнини босган Андер Астралага ўзини кўрсата олмади. Энди ҳеч қандай шубҳа йўқ: “Гранада” дарвозасининг ҳақиқий эгаси — Люка Зидан бўлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!