Зўр ҳимоячи топмасак бўлмайди!
“Арсенал” раҳбарияти Юрриен Тимбер ва Вильям Салибанинг сафга қайтиш муддатлари бўйича аниқлаштирилган прогнозлардан кейин янги ҳимоячи излашни жадаллаштирди.
Яқинда Дортмунднинг “Боруссия” клубига 2:3 ҳисобида мағлуб бўлганидан сўнг “Арсенал” бош мураббийи Микель Артета Тимбер чов соҳасидаги жароҳати сабаб яна бир неча ҳафта майдонга туша олмаслигини маълум қилди. Юрриенни март ойидан бери айнан шу муаммо безовта қилмоқда.
Жаҳон чемпионатида бел қисмидаги жароҳатини оғирлаштириб олган Салиба сафга қайтишдан янада узоқроқ. Вильямга тўлиқ дам олиш буюрилган, шунинг учун Тимбердан фарқли равишда, у ҳатто индивидуал машғулотларни ҳам ўтказа олмайди.
Вазиятдан келиб чиқиб, The Guardian нашри хабар беришича, “Арсенал” янги ҳимоячи излашни жадаллаштирган. “Канонирлар” аллақачон “Астон Вилла” ҳимоячиси Эзри Конса бўйича бир таклиф берган ва рад жавобини олган, аммо тез орада иккинчи бор уриниш қилиши кутилмоқда.
“Вилла” Консани 60 миллион фунтга баҳоламоқда, бироқ “Арсенал” шартномаси тугашига икки йилдан кам вақт қолган 28 ёшли футболчи учун бунча маблағ тўлашга тайёр эмас.
Шунингдек, “Арсенал” мутасаддилари “Тоттенхэм” капитани Кристиан Ромерога ҳам қизиқиш билдирмоқда, аммо “шпорлар” Шимолий Лондондагилар қўшниси билан битим тузишни истамаяпти.

Фикрлар