Зоран Марушич: "Динамо"га қарши ўйинда ҳам ғалабали одимимизни давом эттирамиз"
Ўзбекистон Coca Cola Кубоги гуруҳ босқичи, 2-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Динамо” ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 28 ёшли сербиялик ҳужумчиси Зоран Марушич бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Жамоамизнинг олдига жорий мавсумда Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Буни амалга ошириш учун хоҳ ўз майдонимиз, хоҳ сафарда бўлсин, барча ўйинларда майдонга ғалаба иштиёқида тушиб, бизни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаётган мухлисларга қувонч улашишга ҳаракат қиламиз.
Худога шукр, Ўзбекистон Кубоги баҳсларини ҳам омадли тарзда бошлаб, илк ўйинда жорий мавсум етакчиларидан бири бўлган “Қизилқум”ни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлдик ва “Динамо” билан бўладиган баҳсда ҳам ғалабали одимимизни давом эттиришга интиламиз.
ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш учун Суперлига ҳамда Ўзбекистон Кубоги турнирларида максимал натижага эришиш лозим ҳамда таъкидлаганимдек, буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, мухлисларга мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойидаги ибодатларни бажаришда куч-қувват, ушбу ибодатларни Яратган ўз даргоҳида қабул қилишини тилаб қоламан.
Ишқибозлардан эса бўлажак ўйинда стадионга кўпроқ ташриф буюриб, жамоамизни бевосита қўллаб-қувватлаб, мадад бериб туришларини сўрайман.
Биз – футболчилар мухлисларнинг қўллаб-қувватлашларига яраша майдонда муносиб тўп тепиб, уларга қувонч улашишга интиламиз ҳамда ғалаба қозониш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Бахтимизга “Навбаҳор” ишқибозлари ҳамиша соғ бўлишсин.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар