Husanovning yangi do‘sti sobiq jamoasidan ko‘ngil uzolmayapti

  • 09.04.2026 17:03
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Futbol

“Кристал Пэлас” бош мураббийи Оливер Гласнер “Манчестер Сити” марказий ҳимоячиси Марк Гехи қўшимча дам олиш  кунларидан фойдаланиб, собиқ клубига ташриф буюрганини маълум қилди.

Англия терма жамоаси футболчиси январь ойида “Кристал Пэлас”дан “Манчестер Сити”га 20 миллион фунт стерлинг эвазига ўтган эди. У янги клуби билан беш ярим йиллик шартнома имзолаган.

Гехи Манчестердаги фаолиятини муваффақиятли бошлаб, март ойида Карабао кубогини қўлга киритди.

Аслида 25 ёшли футболчи ўтган ёзда “Ливерпуль”га ўтишга яқин эди, аммо музокаралар муваффақиятсиз тугаган ва натижада январь трансфер ойнаси ўрталарида “Манчестер Сити” мутасаддилари “Кристал Пэлас” билан “Челси” академияси тарбияланувчиси бўйича келишувга эришган.

Ўтган ҳафта охирида Англия кубоги чорак финалида “Ливерпуль” устидан 4:0 ҳисобидаги ишончли ғалабадан сўнг футболчиларга қўшимча икки кунлик дам берилди. Гехи вазиятдан фойдаланиб, собиқ жамоадошларини кўргани борди.

- Гехи қўшимча берилган дам олиш кунлари машғулот базамизга келди. Бу жуда яхши белги. “Кристал Пэлас”ни тарк этган футболчилар доим мамнуният билан клубга қайтиб, дўстларини кўриб кетишади. Биз Гехи билан суҳбатлашдик ва у биз билан тушлик қилди, - дейди Оливер Гласнер.

Англия терма жамоаси футболчиси “Этихад” стадионидаги фаолиятини жуда яхши бошлади ва “Ливерпуль” устидан ғалабадан сўнг янги жамоасидаги илк ойлари ҳақида ижобий фикрлар билдирди.

Гехи Пеп Гвардиола жамоасининг юлдузли ҳимоя чизиғига осон мослашди. Ўтган шанба куни у Абдуқодир Ҳусанов билан бирга “Ливерпуль”га қарши ўйинда асосий таркибда майдонга тушди, ишончли ҳимоя ўйини орқали жамоага гол ўтказмасликка ёрдам берди ва “Сити” Англия кубогида кетма-кет саккизинчи марта ярим финалга чиқишга эришди.

Таъкидлаш жоизки, Англия Премьер-лигасида Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехидан иборат янги марказий ҳимоя дуэти юзага келди ва бу икки футболчи ўз позициязидаги ишончли ўйинлари билан умумий натижага жуда катта таъсир кўрсатмоқда. Қоларвеса, улар ўзаро дўстона муносабатга ҳам эга.

Гехининг келиши ёзда Жон Стоунз, Мануэль Аканжи ва Натан Акенинг эҳтимолий кетиши таъсирини юмшатди, чунки уларнинг шартномалари мавсум охирида якунланиши кутилмоқда.

Кот-д’Ивуарда туғилган футболчининг Гвардиола тизимига муваффақиятли мослашиши спорт директори Уго Вианага «Манчестер Сити»даги қайта қуриш жараёни ёзда майдоннинг бошқа позицияларида ҳам бошланишига катта умид бағишлади.

Европада яна Ҳусановга эътибор қаратишди

Еврокубокда ўйнайдиган клуб ўзбек футболчиси трансферини эълон қилди

Ўзбекистон: Бу галги рақиб Аргентина ва Бразилияни қўрқитган жамоа!

Ҳусанов рейтингда биринчи!

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!