O‘ziga xos to‘qnashuvlar arafasidamiz yoxud bugundan Superliga karvoni yana davom etadi

  • 02.04.2026 05:11
  • Shuhratbek Jo’rayev
  • 0
  • Futbol

ФИФА кунлари ортда қолди ва бугундан Суперлигада 5-турга старт берилади: катта курашлар, принципиал тўқнашувлар кутмоқда. Табиийки, эътиборимиз яна ички чемпионатга қаратилади.

2 апрель.

18:00. “Сўғдиёна” – “Қўқон-1912”

Жиззахдаги бу беллашув турнинг энг қизиқ ўйинларидан бири бўлиши мумкин. Чунки омадсиз ўйинлардан кейин “Сўғдиёна” устози сифатида ишлаб келган Иван Бошкович истеъфога чиқди ва ўрнига Улуғбек Бақоев қайтарилди. Собиқ клубидаги дебют учрашувини ўтказадиган Бақоев албатта ғалаба билан бошлашни жуда хоҳламоқда. Қолаверса, жиззахликлар ҳисобида ҳали ғалаба йўқ. Агар “Қўқон-1912” биринчи бўлиб гол урса, ўйин сценарийси бутунлай ўзгариши мумкин.

19:00. “Бунёдкор” – “Локомотив”

Бу — классик Тошкент дербиси. Бу ўйинларда турнир жадвали аҳамиятидан ҳам кўра принцип ва престиж устун туради.

“Бунёдкор” ҳозирда ёшларига таянаётган жамоа. Улар тезкорлик, техника ва комбинацион ўйин орқали устунликка эришишга ҳаракат қилади. Лекин баъзан тажриба етишмаслиги сабабли ўйинни назорат қилишда қийналишади.

“Локомотив” эса анча мувозанатли жамоа. Улар жисмоний куч, ҳаво тўпларида устунлик ва стандарт ҳолатлар орқали хавфли. Бу дербида айнан стандарт вазиятлар ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Бундан ташқари, таркибида ёши катта тажрибали ўйинчилар бисёр. Темурхўжа Абдуҳолиқов "Локо” либосида собиқ клубига қарши қандай ўйин намойил қилиши ҳам албатта қизиқ.

3 апрел.

18:00. “Хоразм” – “Динамо”

Янги мавсумда “Хоразм” ўзини жангари жамоа сифатида кўрсатмоқда. Айниқса, ўз майдонида уларнинг ўйини анча агрессив ва фаол. Улар кўпинча рақибни босим остида ушлаб, юқори прессинг қилади.

“Динамо” эса анча тартибли ва ҳисоб-китобли жамоа. Улар тўпни назорат қилишни яхши кўради ва ҳужумларни тезкорлик билан қуришга ҳаракат қилади. Бу ўйинда услублар тўқнашуви кузатилади:

“Хоразм” — тезлик ва босим, “Динамо” — назорат ва позицион ўйин. Ажойиб ўйин бўлиши шубҳасиз.

 19:00. “Навбаҳор” – “Машъал”

Намангандаги муҳит — ҳар қандай рақиб учун синов бўлади. Аммо улар уй ўйинларини вақтинча Тошкентда ўтказиб туришибди. Албатта, бу тўқнашувда Тимур Кападзе жамоасида устунлик катта.

“Машъал” ҳозирча яққол аутсайдер. 4 та турда 4 та мағлубият ва ҳали гол уришгани йўқ. Муборакликларда мотивация кўпроқ бўлиши керак, бироқ уларга яна қийин бўлади. Шунга қарамай, “Навбаҳор” рақиб кучига тўғри баҳо бермаса муаммоларга дуч келиши аниқ.

20:15. “Насаф” – “Андижон”

Бу — турнинг марказий ва энг қизиқ ўйинларидан бири. “Насаф” ўз майдонида жуда кучли, тартибли ва тажрибали жамоа. Улар ўйинни назорат қилишни яхши билади ва рақибга имконият қолдирмасликка ҳаракат қилади.

Ўз навбатида жиддий мақсадлар учун курашаётган “Андижон”га ҳам ғалаба жуда зарур ва “Бургутлар” бу йўлда рақибга муносиб қаршилик кўрсатиши аниқ. Қолганини ўйин давомида кўрамиз.

4 апрель.

17:00. “Пахтакор” – ОКМК

Бу — турнинг энг катта тўқнашувларидан бири бўлади. Икки жамоа ҳам чемпионлик учун даъвогарлардан.

“Пахтакор” — анъанавий гранд, катта ўйинлар тажрибасига эга. Улар босим остида ҳам ўз ўйинини топа олади.

ОКМК эса сўнгги йилларда жуда кучли тизимли жамоага айланди. Лекин жорий йилда таркибидан кўплаб етакчи футболчилар кетишди ва иқтидорли ёшларга имконият очилди. Шу боис ОКМК мавсумни бироз қийинроқ бошлади ва 4-турга келибгина илк ғалабасини қўлга киритди. Охирги йилларда Миржалол Қосимов “Пахтакор”га қарши яхши натижалар кўрсатмоқда. Афтидан, бу сафар унинг жамоасига янада оғир бўладигандек, лекин футболда ҳамма нарса бўлади.

18:00. “Қизилқум” – “Нефтчи”

Навоийдаги ўйинлар доим қийин кечади. “Қизилқум” ўз майдонида қаттиқ қаршилик кўрсатади.

“Нефтчи” эса ҳужумда жуда хавфли жамоа. Улар индивидуал маҳоратга эга футболчиларга суянади ва тезкор ҳужумлар ташкил қилади. Энг асосийси, фарғоналиклар янги мавсумни “дахшатли” бошлашди ва 4 та ўйинда ҳозирча 100 фоизли натижа, ҳар бир ўйинда 3 тадан гол уриб келишмоқда.

Агар ўйин очиқ кечса — “Нефтчи” учун қулай. Агар секин темпда бўлса — “Қизилқум”га фойда. Лекин фарғоналиклар ўйин темпини паст даражада ўтишига йўл қўйишмаса керак.

19:15. “Сурхон” – “Бухоро”

Бу ўйин турнир жадвали ўртасидаги жамоалар ўртасидаги муҳим тўқнашув. Ҳар иккиси учун очколар жуда зарур.

“Сурхон” уйда анча фаол ва ҳужумкор ўйнайди. “Бухоро” эса интизомли ҳимоя ва қарши ҳужумларга таянади. Термизликлар молиявий муаммоларга қарамай, ўтган турда сафарда “Насаф”ни ягона гол эвазига таслим қилишди. “Бухоро” мағлубиятсиз одимлаяпти ва турнир жадвалида 2-поғонада. ФИФА кунларидан кейин жамоалар қандай ҳолатда эканликлари ҳам албатта муҳим. Учрашувда биринчи гол жуда муҳим бўлади.

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!