Top-ligalardan takliflarni kut! Behruz Karimov evropaliklarni qanday hayratga soldi?

  • 24.06.2026 18:37
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Futbol
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Машҳур венгриялик спорт журналисти ва футбол таҳлилчиси Бенце Бочак жаҳон чемпионатида иштирок этаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Бехруз Каримовнинг ўйинини юқори баҳолади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, мусобақа бошида Ўзбекистон термаси икки бор мағлубиятга учраганига қарамай, 18 ёшли футболчининг ўйини унда катта таассурот қолдирган.

- Тан олишим керак, жаҳон чемпионатида Ўзбекистон икки марта ютқазганига қарамасдан, 18 ёшли Бехруз Каримов мени жуда ҳайратга солди. У ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ҳам, уч ҳимоячи билан ўйнаганда марказда ҳам ҳаракат қила оладиган футболчи. Жуда техникаси кучли, жисмонан бақувват, зарбалари залворли ва тўп билан муомалада хотиржам.

Мундиалдаги дастлабки икки учрашувида  Беҳруз дунёдаги энг яхши формадаги вингерлардан бири Луис Диас ҳамда жаҳон футболидаги энг кучли чап қанот ҳимоячиларидан ҳисобланган Нуну Мендешга қарши ўйнашига тўғри келди ва у ўз вазифасини жуда муносиб бажарди.

Унинг ҳисобида тўпни 15 марта қайтариб олиш, ердаги 34 та курашда иштирок этиш ва ҳар икки ўйинда ҳам ўзбек футболчилари орасида энг кўп – олти марта муваффақиятли дриблинг амалга ошириш каби статистик кўрсаткичлар бор. 

Бу жуда қизиқ профилга эга футболчи. Ўйлайманки, кўплаб клублар унга аллақачон эътибор қаратган. Уни нисбатан кам маблағ эвазига трансфер қилиш мумкин, — деб ёзди Бенце Бочак.

Жаҳон чемпионатида Каримов Ўзбекистон терма жамоасининг ҳар икки учрашувини деярли тўлиқ ўтказди: Колумбияга қарши баҳсда майдонда охиригача ўйнади ва дарвоза тўсинига тегиб қайтган супер зарба билан эсда қолди, Португалияга қарши учрашувда эса фақат 89-дақиқада алмаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси Колумбияга (1:3) ва Португалияга (0:5) мағлуб бўлди. Шунга қарамай, ёш ҳимоячининг ўйини халқаро таҳлилчилар ва скаутлар эътиборини ўзига тортди.

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!