SPORTS.uz сайти эксклюзив интервьюларни эътиборинизга ҳавола этишда давом этади. Бу сафарги меҳмонимиз Қаршининг "Насаф" жамоаси ҳужумчиси - Ҳусаин Норчаев! Ушбу суҳбат давомида футболчи мухлисларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб бериб ўтди.

- "Насаф" финалда бир киши кам бўлиб "Пахтакор" устидан ғалаба қозонди. Бунинг сири нимада, деб ўйлайсиз? Айнан қайси омил сабабли "аждарлар" бир киши кам бўлиб камбэкни амалга оширди?

Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида финалга кўрилган тайёргарликни эътироф этмоқчиман. Шунингдек, ғалаба қозонишга бўлган кучли иштиёқ ҳам ўз сўзини айтди. Ҳатто, бир киши кам бўлиб қолган пайтларимиз ҳам ҳамжиҳатликда тўп суришда давом этдик. Кучли жамоавий ўйин эвазига майдонда бир киши кам бўлиб қолганимизи сездирмасликка уриндик. Бу баҳс мавсумни "қутқариб" қолиш учун сўнгги имкониятимиз эканлигини билар эдик. Яратганга шукур, халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлдик.

husainn

- Рўзиқул Бердиев финалнинг биринчи бўлимидан сўнг қандай кўрсатма берди? "Насаф" нима эвазига "Пахтакор"га қарши ўйиннинг иккинчи бўлимини бундай кучли ўтказди?

Ярим финалда ҳам бир киши кам бўлиб тўп сурганимизни, бугун ҳам ғалаба қозониш учун барча имкониятимиз бор эканлигини тушунтирдилар. Шунингдек, айрим ўзгаришлар ҳам бизга қўл келди. Иккинчи таймда кучлироқ бўлишимизни асосий сабаби биринчи таймдаёқ ҳисобни тенглаштириб олганимиз бўлди. Бу бизни янада руҳлантирди. Ўйлашимча, якунда айнан шу омил ғалабамизни таъминлади.

- Сиз жуда тез омма эътиборига тушдингиз. Айтингчи, йил бошида ОФК ва Суперлига тўпурарлари қаторида бўлиш ва МТЖда гол киритишингизни тасаввур қилганмидингиз? Якунланган мавсум ҳақида фикрингиз қандай?

Тўғриси, мавсум бошида имкон қадар кўп гол киритишни режалаштирган эдим. Яратганга шукр, мақсадимга етдим. Устозимиз Рўзи ака ва жамоадаги акаларим мени бутун мавсум давомида қўллаб-қувватлади. Бу голларда уларнинг хизмати катта. Эришган барча ютуқларим учун улардан миннатдорман. Келаси мавсумда ҳам менга билдирилган ишончни оқлашни ният қилганман.

ҳусаин

- Эшитишимизча, сиз Элдор Шомуродовнинг агенти билан ҳамкорлик қиласиз. Айни дамда кейинги режалар борасида агентингиз билан маслаҳатлашдингизми?

Йўқ, бу миш-миш. Ҳозирда, ҳеч қандай агент билан иш олиб бормаяпман. Бунга ҳали эрта, деб ҳисоблайман. Боз устига, "Насаф" билан 3 йиллик шартномам бор. Ўйлашимча, бу масала борасида фикр билдиришга ҳозир эрта. Биринчи навбатда, "Насаф" жамоасига фойда келтиришни истайман. Легионер бўлиш вақти-соати билан насиб қилади, деган умиддаман. "Аждарлар" сафида ўзимни бахтиёр ҳис қиляпман. Бу мен учун энг муҳими.

- Қайси футболчи кумирингиз бўлган?

Криштиану Роналду! Уни чинакам профессионал спортчи, десам, адашмаган бўламан. Шу ёшда ҳам супер формани тўлиқ сақлаб туриш осон эмас. У бунинг учун нималардан воз кечганини тасаввур қилиш ҳам мушкул. Португалиялик футболчининг ўйинларини томоша қилиб катта бўлганман.

- МТЖда дебют қилдингиз ва гол киритишга ҳам муваффақ бўлдингиз. Катанец қандай мураббий экан? У ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Ҳар қандай футболчи учун ўз терма жамоасидан чақирув олиш катта бахт. Бу менга ҳам насиб этганидан жуда хурсандман. Ўртоқлик учрашувида бўлишига қарамай, гол урганимдан жуда ҳам хурсандман. Сречко Кантанец борасидаги фикрим ижобий. У биринчи навбатда, тартиб-интизомга урғу беради. Барчаси ўз вақтида бўлишини талаб қилади. Нафақат майдонда, ҳаётда ҳам ўз шогирдларидан ишга масъулият билан ёндашишни сўрайди.

norchayeev

- Бугунги кундаги "Насаф" келаси мавсумда Ўзбекистон чемпионлиги учун кураш олиб боришга қодирми?

Жамоамиз яхши шаклланган. Таркибга янги футболчилар ҳам қўшилиши кутилмоқда. Ўйлашимча, келаси мавсумда бемалол чемпионлик учун кураш олиб боришимиз мумкин. Биз доим ўз олдимизга улкан мақсадлар қўйишга одатланганмиз. Кейинги мавсумда мухлислар янада кучлироқ "Насаф"ни майдонда кўради, деган умиддаман.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Otabek Otabek
09/12/2021 22:14
Olga nasaf

Минбар

Барча блоглар