7:0, 7:1, 1:6...

Хабарингиз бор, бугун Суперлиганинг 12-тур учрашувларига старт берилди. Турнинг марказий ўйинларидан бири 4 июль, якшанба куни ўтказилади. Амалдаги чемпион – “Пахтакор” ўз майдонида “Локомотив”ни қабул қилади. Бир томондан қараганда, бу Тошкент дербиси деб номланади. Аммо бу жамоалар иштирокидаги ўйин одатда муҳим аҳамият касб этиб келган. Клубларнинг навбатдаги тўқнашуви ҳам бундан мустасно эмас.

Питер Хюистра бошчилигидаги “Пахтакор” ҳозирга қадар ўтказилган 11 та ўйиннинг 9 тасида ғалаба қозонди ва 2 та учрашувда дуранг қайд этди. Мағлубиятсиз одимлаётган “шерлар” 29 очко билан якка пешқадамликни ўзида сақлаб келяпти. Якшанба куни “Пахтакор”нинг рақибига айланадиган “Локомотив” эса, ҳозирча чемпиондан анча орқада. Аниқроғи, темирйўлчилар 15 очко жамғариб, мусобақа жадвалида 8-ўринда боряпти. Кўриниб турибдики, “Локо” “Пахтакор”дан 14 очкога ортда қоляпти. Бироқ жамоалар ўртасида бу фарқ майдондаги ўйинга асло таъсир ўтказа олмайди. Чунки юқорида айтдик, бу дерби ва турнинг марказий ўйини.

Шу ўринда, “Пахтакор” – “Локомотив” клублари иштирокидаги ўйинлар тарихи ҳам ўзига яраша қизиқлигини айтиш жоиз. Шу пайтга қадар мазкур жамоалар чемпионат доирасида 35 марта майдонда куч синашган. Бундай тўқнашувларда жамоаларнинг ғалабага чанқоқлиги ва ўйинларнинг ҳужумкор руҳда ўтиши сабабли голсиз учрашувлар кам бўлган. 35 беллашувдаги қарама-қаршиликнинг  фақатгина иккитасида дарвозалар дахлсиз қолган – 0:0. Қолган барча ўйинларда голлар бор.

пахтакор_3

Эътиборингизни қизиқ бир жиҳатга қаратмоқчимиз. Фақат ундан аввал, клубларнинг статистикасига тўхталиб ўтсак. Боя айтдик, 4 июль куни бўладиган ўйин “Пахтакор” – “Локомотив” иштирокидаги 36-тўқнашувга айланади. Барибир устунлик “Пахтакор” томонида, буни катта устунлик деса ҳам бўлади. Боиси, “шерлар” бу рақибини 35 та ўйиннинг 20 тасида мағлубиятга учратишга эришган. Ҳа, “Локомотив” ҳам “Пахтакор”ни ютган, фақат 7 марта. “Темирйўлчилар” охирги марта чемпионни 2018 йилги мавсумда мағлуб этган, ўшанда 3:2 ҳисоби қайд этилган. Шунингдек, 8 та учрашувда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати ҳам шунга мос – 73:35.

Энди юқорида айтиб ўтганимиздек, жамоаларнинг ўзаро ўйинлардаги қизиқ жиҳатга эътиборингизни тортмоқчимиз. Бу клублар ўртасидаги ўйинларни голларсиз тасаввур қилиш қийин. Ўтган мавсумда “Пахтакор” майдонидаги ўйин ёдингиздами? 2020 йилнинг 24 август куни бўлиб ўтган баҳсда “Локомотив” дарвозасига голлар ёмғири ёғдирилганди. “Пахтакор” рақиб дарвозасига жавобсиз нақд 7 та гол урган! Ўша учрашувда Драган Черан, Достон Ҳамдамов, Жалолиддин Машарипов ҳамда Игорь Сергеев билан Эрен Дердийокнинг дубллари “Локомотив”нинг шармандали мағлубиятини таъминлаган.

локо_8

Лекин ўзаро ўйинлардаги бундай йирик ҳисобдаги мағлубият “Локомотив” учун биринчиси эмасди. Агар ўйинлар тарихига назар ташласак, “темирйўлчилар”нинг яна бошқа йирик ҳисобдаги мағлубиятлари бор. 2006 йилги мавсумда ҳам хоккейча ҳисоб кузатилган. “Пахтакор” ўз майдонида “Локомотив”ни 7:1 ҳисобида тор-мор келтирган. Бу рўйхатда яна қандай натижалар борлигини биласизми? 2004 йилда “Локомотив” ўз майдонида “Пахтакор”дан жавобсиз тўртта гол ўтказиб юборган. Бир йилдан кейин “Пахтакор”нинг майдонида ўтказилган беллашувда эса 5:1 ҳисобидаги йирик ғалаба қўлга киритилган. Дарвоқе, ўша йилнинг биринчи даврасида “Локомотив” майдонида ташкиллаштирилган ўйинда ҳам “Пахтакор” ўта йирик натижа билан ғалаба қозонган – 1:6.

2006 йилги 7:1 дан кейин 2007 йилда ҳам “Пахтакор”нинг яна йирик ғалабасига гувоҳ бўлинган. Бу сафар “Локо” дарвозасига жавобсиз тўртта гол урилган. Эътиборлиси, бу клублар иштирокидаги ўйинларда то 2015 йилга қадар йирик ҳисоблар кузатилмаган. Гоҳ у, гоҳ бу жамоа ғалаба қозонган ва голлар орасидаги тафовут катта бўлмаган. 2015 йилнинг 8 март куни янги мавсум бошланиши олдидан “Локомотив” – “Пахтакор” иштирокида Суперкубок ўйини ўтказилган. Ўша учрашувда “Локо” футболчилари рақибини 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Эътиборлиси, ўша муваффақият ўзаро ўйинларда “Локомотив”нинг ягона йирик ҳисобдаги ғалабаси бўлиб турибди.

секейра_6

Хуллас, шунақа гаплар. “Пахтакор” “Локомотив”га қарши учрашувларда йирик ҳисобларда ютишни яхши кўради. Катта эҳтимол билан навбатдаги 36-тўқнашувда ҳам голларга бой ўйинни кўрсак керак. Хюистра ва Секейра қарама-қаршилигини кузатиш жуда қизиқ туюляпти. Чунки бу учрашув “Локо”нинг португалиялик устози учун “Пахтакор”га қарши биринчи ўйини ҳисобланади. Балки сиз Секейранинг “Пахтакор”га сюрприз тайёрлаб қўйганига ишонасизми? Бу мураббийга жамоасининг олдинги йиллардаги хоккейча ҳисобдаги мағлубиятлари таъсир қилмаслиги турган гап, аммо буни у хаёлининг бир четида эслаб қолса ажаб эмас. Шунинг эвазига балки “Локомотив”ни “Пахтакор”га қарши жанговор руҳда тайёрлай олар ва биз “Локо”нинг энг яхши ўйинини кўрамизми?

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Эшалиев Шавкат
04/07/2021 14:26
"Пахтакор"жон ўзимизни Ўзбекистонда хоккейча ютишларни яхши кўради, лекин четга чиқса тескариси...
&
abduxoliq
05/07/2021 10:19
Paxtakor chempion

Минбар

Барча блоглар