Абдумалик Халаков: “Келгусида ўз устимда ишлайман ва албатта чемпион бўламан”

Куни кеча якунига етган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг қаҳрамонларидан бири Абдумалик Халаковнинг чиқиши кўпчилик мухлисларимизда илиқ таассурот қолдирди. Ёш боксчимиз мусобақа давомида ўзининг ажойиб техникаси ва ҳаракатлари билан ёдимизда қолди. Эътиборингизга Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати -60 кг вазн тоифаси финалчиси билан ташкил қилган суҳбатини ҳавола қиламиз:

– Жаҳон чемпионатидаги иштирокингиздан кўнглингиз тўлдими?

– Иштирокимдан кўнглим тўлди, дея оламан. Унда ўзимни яхши томондан кўрсата олдим, деб ўйлайман. Бу билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ, албатта. Келгуси жаҳон чемпионати ўз юртимизда бўлади. Энди бор эътиборимни ўша чемпионат ва "Париж-2024" Олимпиадасига қаратаман.

– Кўз ўнгингизда бир қатор етакчиларимизнинг мағлуб деб эълон қилингани қандай таъсир ўтказди?

– Жамоамиздаги етакчи спортчилар, жаҳон чемпионати фаворитларининг илк босқичлардаёқ мағлуб бўлганидан бироз хафа бўлдим. Боиси, уларнинг бокси бизга мотивация берар эди. Бир томондан, уларнинг турнирни тарк этиши бизга бошқача куч берди. Биз ҳакамларга ортиқча иш қолдирмасдан беллашувни ўз фойдамизга ҳал қилишга ҳаракат қилдик.

– Дастлаб, қуръа ташлангандан сўнг чорак финалда кубалик рақиб билан тушишингизни сиз ҳам тахмин қилган бўлсангиз керак. Вазият ўзгаргани сизга қанчалик қўл келди?

– Тўғриси мен ҳам шундай бўлса керак, деб ўйлагандим. Бироқ у илк босқичдаёқ япониялик боксчига имкониятни бой берди. Жаҳон чемпионатида кучли спортчилар ҳам баъзан шундай мағлуб бўлади. Шунинг учун ринг ким зўрлигини кўрсатадиган жой ҳисобланади.

– Франциялик боксчи билан финал жангида нима етишмади деб ўйлайсиз?

– Ҳал қилувчи беллашув натижаси адолатли бўлди. Менга ўша куни бироз омад етишмади. Насиб қилса, келгусида ўз устимда ишлайман ва албатта чемпион бўламан.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар