"Афтидан, "Қизилқум"дан кетсам керак" - яна бир етакчи клуб билан хайрлашиш арафасида

17 декабрь куни 33 ёшини қаршилаган грузиялик Матэ Ватсадзе мана учинчи йилдирки, фаолиятини Ўзбекистон чемпионатида ўтказди. 2019 йил “Қизилқум”да пайдо бўлган ҳужумчи ўтган йили АГМК учун тўп сурган. Бу мавсумда яна “Қизилқум”га қайтди. Грузиялик легионер навоийликлар сафида 26 та учрашувда рақиблар дарвозасига 5 та гол урди. Ўтган йили ҳам АГМК таркибида 5 та гол урган.

Ўз вақтида Грузия миллий терма жамоасида ҳам ўйнаган Ватсадзе жорий мавсумда “Қизилқум”нинг ҳамда ўзининг натижаларидан қониқиш ҳосил қилмаганлиги табиий. Аслида чемпионатнинг биринчи ярмигача унинг жамоаси учун ҳаммаси яхши кетаётганди. Бироқ барқарорликни охиригача сақлай олмадилар.

Матэ юртимизга келгунга қадар Грузияда “Динамо” (Тбилиси), “Дила”, “Локомотив”, шунингдек, Россиянинг “Волга”, Дания чемпионатида эса “Орхус”, “Виборг”, “Силькеборг” ҳамда “Лиепая” клубларида тўп сурган. Юқорида айтганимиздек, Ватсадзе охирги уч йилдан бери фаолиятини Ўзбекистонда давом эттириб келяпти. Куни кеча Sports.uz мухбири “Қизилқум”нинг ушбу легионери билан боғланди.

- Салом Матэ. Ҳозир қаердасиз ва таътилни қандай ўтказяпсиз?

- Мен Грузияда, уйимдаман. Оила-аъзоларим, дўстларим даврасида маза қилиб дам олиб, вақтимни жуда чоғ ўтказяпман.

матэ

- Жорий мавсумдаги “Қизилқум”да ўтказган фаолиятингиз ўзингизга ёқдими?

- “Қизилқум” – бу мен таклифини қабул қилганимдан сўнг Ўзбекистонда ўзим ўйнаган дастлабки клубдир. Шу боисдан ҳам мазкур жамоага бўлган ҳурматим баланд.

- “Қизилқум” биринчи даврада яхши кўринди, аммо иккинчи даврада натижалар пастлаб кетди. Нима учун?

- Аниғини билмайман. Агар аниқ бир нарсани билганимдами, ҳаммаси бошқача бўларди.

- Дўстингиз ва жамоадошингиз – Элгужа Григалашвили клубдан кетганини маълум қилди. Сиз ҳам “Қизилқум”ни тарк этдингизми ёки...

- Ҳозирча менда йил охиригача тузилган шартнома бор. Аммо, афтидан, “Қизилқум”дан кетсам керак.

матэ1

- Сир бўлмаса, олдингизда қандай таклифлар бор?

- Ҳозирча бу саволингизга жавоб бера олмайман. Чунки юқорида айтганимдек, йил охиригача шартномам бор. Шу сабабдан узил-кесил бир нарса дейишим амримаҳол.

- Келаси йили ҳам яна Суперлигамизда тўп суриш ниятингиз борми ёки Грузияда қолмоқчимисиз?

- Янги иш жойим қаерда бўлишидан бехабарман. Энг муҳими, оиламга қаер ёқса, ўша жойда тўп сурмоқчиман.

матэ2

- Сизга клублар томонидан билдирилаётган таклифнинг аввало нимаси эътиборли: пулми ё мақсадими?

- Ўз олдига мақсадлар қўядиган клубда ўйнамоқчиман. Пул қаерда бўлса, вазифалар ҳам ўша жойда қўйилади. Бу икки омил эса бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.

- Ўзбекистонда қайси клубларни ёқтирасиз?

- Менга “Пахтакор”, “Насаф”, “Локомотив”, “Бунёдкор” сингари жамоаларнинг ўйинлари ёқади. Умуман олганда, яхши клублар анча. Масалан, Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасини ҳам айтишим мумкин. Клубларнинг савиялари деярли тенг.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!