"Ал-Муҳаррақ" бош мураббийи матбуот анжуманида "Насаф" ва ўзбек футболи ҳақида қандай фикр билдирди?

“ОФК Кубоги-2021” финал учрашуви олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “Ал- Муҳаррақ” жамоаси устози Иса Садун Ал-Хамдани ва жамоа етакчиларидан бири Хамза Ал-Жубан иштирок этди.

Иса Садун Ал-Хамдани: - Биз финал ўйинига жиддий ҳозирлик олиб бордик. Ушбу мусобақада олдин ҳам ғолиб чиққанмиз. Бу борада тажрибамиз мавжуд. Энди олдинда “Насаф” клубига қарши жиддий учрашув кутиб турибди. Лекин биз ижобий натижага умид қиляпмиз.

“Муҳаррақ” Ўзбекистон клубларига қарши ҳали ўйнамаган. Бу галги учрашув биз учун янги тажриба бўлади. Лекин биламиз, Ўзбекистон чемпионати кучли, клублар ҳам анча савияли. Қолаверса, ўзбекистонлик футболчилар Европада ҳам ўйнай бошлашди. Яқинда Италия чемпионатида ўзбек футболчиси ўйинини кузатдим. Умуман олганда, ўзбек клубига қарши ўйин осон ўтмаслиги аниқ.

Рақибни яхши ўрганишга уриндик. Таркибида анча маҳоратли ўйинчилар бор эканини биламиз. Қолаверса, “Насаф”нинг етакчи ҳимоячиларидан бири учун мавсум жароҳат сабаб аллақачон якунланганидан ҳам хабаримиз бор.

Хамза Ал-Жубан: - Жамоамиз финал ўйинига 100 фоиз тайёр. Ўзбекистон жамоалари ҳамиша мазмунли ўйин намойиш этишади, буни жуда яхши биламиз. Лекин мақсадимиз – ғалаба қозониш. Бунинг учун бор маҳоратимизни ишга соламиз.

ПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!