Азизбек Муталлиев жаҳон чемпионларига нималар совға қилингани, "Локомотив" ПФК берган либослар ва бошқалар ҳақида

Хабарингиз бор, Ўзбекистон терма жамоаси Россия пойтахти Москва шаҳрида ўтказилган Меҳрибонлик уйлари ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди. Биз эса Ўзбекистон терма жамоаси делегацияси раҳбари Азизбек Муталлиев билан интервью ташкил этдик.

Айни пайтдаги таассуротларингиз?

- Тассуротлар ажойиб. Биринчи марта чемпионлик даражасига эришдик. Барчамизда хурсандчилик кайфияти ҳукмрон. Болаларнинг бир умр ёдида қолдиган даражада ажойиб турнир.  

Россияда чемпионлик қандай нишонланди?

- Мусобақа тугаган кунининг эртасига Москва шаҳрининг ўзида ташкилотчилар томонидан чемпионлик оқшоми тантаналик тарзда ташкил этилди. Байрамона дастурхон, кўратинки руҳ, ҳонандаларнинг чиқишлари, болаларга берилган эсдалик совғалари, тайёрланган видео роликлар ва мушакбозликлар уларнинг ёдида қолди. 

Ўзбекистон терма жамоасини биринчи бўлиб ким табриклади?

- Дастлаб стадионнинг ўзида барча мухлислар табриклашди. Қоларвеса, чемпионат давомида дўстона муҳит яратган Беларусь ҳамда Россия федерациясидан иштирок этган терма жамоага масъул инсонлар стадионнинг ўзида қутлашди. Уларга алоҳида ташаккур исҳор этамиз. Бундан ташқари Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раҳбари ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов жуда ҳам тасирли сўзлар билан биринчи қутладилар. Ушбу табрикни футболчиларга ўқиб бердик. Терма жамоа аъзолари хурсанд бўлишди. Кейин кетма-кет табриклар кела бошлади. 

Ўзбекистон терма жамоасининг ғалаба қозонишида нима муҳим омил бўлди?

- Фикримизча, ёшларни ғолибликка интилишидир. Чунки ЖЧда жуда ҳам кучли терма жамоалар қатнашишди. Африка қитъасидан келган қатнашчилар ўйин бобида бошқалардан ажралиб туришди. Қолаверса, финалда тўқнаш келган Покистон терма жамоаси ҳам етакчилардан ҳисобланарди. Улар турнирнинг амалдаги ғолиби саналишарди. Лекин бизнинг вакилларимиз ўзларига ишонишди, юрт байроғини юқорига кўтариш истагида ва интилиш эвазига бош совринга эга чиқдик.

Терма жамоа ўз олдига қандай мақсад қўйганди?

- Фақат ва фақат ғолиблик. Бир ой олдин тайёргарлик жараёнини бошлагандик. Тошкент шаҳридаги 22, 23-сонли ҳамда Тошкент вилояти Бўка туманидаги 15-сонли меҳрибонлик уйларидан футболчилар жалб қилинганди. Футболчилар 22-сонли меҳрибонлик уйига вақтинчалик жойлаштирилган. Таълим олишлари ҳам 58-мактабга кўчирилган. Бир ой давомида тайёргарлик кўрилди. 

Чемпионатга боришинглар қандай ташкил этилди?

- Бу каби турнирлар ўтказилаётганидан хабаримиз бор эди. Сен ёлғиз эмассан республика жамоатчилик болалар жамғармаси ташкилотчилари турнир мутасаддилари билан музокаралар олиб борди. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди. Ушбу фонд бизга катта ёрдам берди.

Жамоани ким ва қандай саралади?

- Жамоани бир йил олдин саралаш бошланганди. Сен ёлғиз эмассан республика жамоатчилик болалар жамғармаси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорликда республикадаги меҳрибонлик уйлари ўртасида мусобақа ташкил этилган. Шу турнирда техника ва жисмоний томондан ўзини кўрсатган болалар саралаб олинган. Ана ўша турнир асосий роль ўйнади.

Тайёрланиш учун шароитлар ва ҳаражатларга кимлар кўмаклашди? Ҳомийлар бормиди?

- Сен ёлғиз эмассан республика жамоатчилик болалар жамғармаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан шароит яратиб берилди. Бу ташкилотлар томонидан нафақат тайёргарлик кўриш учун шароит, балки уларнинг озиқ-авқатларига ҳам кўмаклашди. Футболчилар алоҳида меню бўйича овқатландилар.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, “Локомотив” футбол клуби томонидан бизнинг футболчиларга ўйнаш учун спорт кийимлари, мавсумий либослар тақдим этилди. Уларга жуда катта миннатдорчилик билдирамиз. Қолган ҳаражатлар яъни йўл кира, Роосия федерациясидаги яшаш ва еб ичишлар тадбир ташкилотчилари томонидан қопланди.

 

Кутиб олиш маросими мана шундан бўлишини кутганмидингиз?

- Умумий олиб қараганда, кутиб олиш маросимидан ўзимизнинг хабаримиз бор эди. Тарбияланувчиларимизнинг ўзлари ҳам чиройли кутиб олишса керак деган таҳминда эдилар. Бу борада биздан ҳам сўрашганди, лекин футболчиларга сюрприз бўлиши учун айтмагандик. Улар кутганидан ҳам яхши даражада қарши олингани учун барчага раҳмат айтамиз. 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ёки бошқа ташкилотлар томонидан қандай рағбатлантиришлар бўлмоқда?

- Аэропортдан сўнг болаларни асосий база ҳисобланган Тошкент шаҳридаги 23-сонли меҳрибонлик уйига олиб борилди. Ҳукумат аъзолари ҳамда вазирлик идоралари томонидан ўша ерда байрамона концерт дастури намойиш этилди. Дастурхон уюштирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан эсдалик совғалари тақдим этилди. Терма жамоа бош мураббийи Жамшид Асадов ва ёрдамчи Эргашев Элмуродга Ўзбекистон Республикаси халқ таълими кўкрак нишони билан тақдирланди.

 

Бекзод ИСАЕВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!