Биласизми, АГМК ўйинчиси футбол мактабини очяпти

Ҳеч кимга сир эмас, юртимизда футбол биринчи рақамли спорт тури бўлгани сабабли унга қизиқувчилар ва футболчи бўлишни истайдиганлар кўп. Айниқса, ёшларни футболга бўлган қизиқиши ва эътиборини ошириш учун академиялар, футбол мактаблари кўпайиб боряпти. Қувонарлиси, болаларни футбол билан шуғулланишлари учун футбол даргоҳлари ортяпти.

Қизиғи, профессионал футболчилар орасида ҳам ўзининг шахсий футбол мактабиин очаётганлар ҳам бор. Маълум бўлишича, АГМК клуби сафида тўп сураётган Бобур Йўлдошев ҳам ўзининг футбол мактабига асос соляпти. Қуйида шу хусусида сўз юритилади.

“Биринчи қадамни ташлаяпмиз”

- Бу нарса бугун ўйлаб топилгани йўқ. Анчадан бери шу хусусида режалаштириб юргандим. Ўзим туғилиб ўсган – Қувада алоҳида жой олинган. Ўша ерда иккита сунъий қопламали майдон қурилган. Ҳозир бу иш юритяпти. Болалар футбол ўйнаб келишяпти. Футбол мактабини ташкил этиш бўйича ундан-бундан сўрадим, маслаҳатлашдик. Тошкентда ўз мактабини очган танишлар бор. Улардан ҳам йўл-йўриқлар сўрадик. Кейин шу нарсага йўл урдик. Бу ҳозирча катта лойиҳа эмас. Аммо биринчи қадамни ташлаяпмиз. Муҳими, шу.

бобур_1

“Ҳаммаси менинг назоратимда бўлади”

- Ҳозирча футбол мактабимизда нечта болалар бўлишини айта олмайман. 7 ноябрга очилишини режалаштирганмиз. Эълонлар тарқатдик, қизиқувчиларни таклиф қилдик. 6 ёшдан 12 ёшгача болаларни қабул қиламиз. 100 тача болани вақтма-вақт шуғуллантирса бўлади. Шунга шароит бор. Имкониятларини Тошкентдаги футбол мактаблари каби қилмоқчимиз. Кўп нарса 7-кунга боғлиқ. Қанча бола келишига қараб, кейин режаларимиз ўзгаради. Навбатдаги турдан кейин Суперлигада тўхталиш бўлади, шу боис уйда бўламан. Керакли барча жиҳозларни етказамиз. Мураббий ҳам бор. Ёшлигимда асакалик Музаффар ака деган мураббий мени шуғуллантирган. У билан ҳам гаплашдик. Тан олиш керак, ҳозир Ўзбекистонда болалар мураббийи бўйича зўр савияда эмасмиз. Режамизда мураббийларни Тошкентда малака оширтириш ниятимиз бор. Чунки пойтахтда бундай мактаблар кўп. Водийда ҳам бор, аммо камроқ. Болалар спортида хусусан, футболни қанча эрта бошлашса, пойдевор шунча яхши бўлади. Ривожланиши ҳам тезроқ кечади. Албатта, у ерда ҳамма нарса менинг назоратимда бўлади. Футбол мактабига ҳар сафар борганимда Суперлигада ўйнаётган футболчиларни чақириб болалар учун мастер-класс ўтказиш, мотивация бериш ниятимиз ҳам бор. Ҳозирча иккита мураббий билан ишни бошлаймиз.

бобур3_1

“Кўп нарса 7 ноябрь кунига боғлиқ”

- У ерда имконият жуда катта. Тепаси ўралган 23х43 иккита майдон бор. Қишда машғулот ўтказишга ҳам қулай. Уни ёнида катта майдон қуриш учун ер бор. Шунинг учун баҳордан табиий майдон барпо қилиш ниятимиз бор. Ҳозир эса ишлаб турган иккита майдонимизга эгамиз. У ерда ювиниш ва ечиниш хоналари ҳам мавжуд. Болалар мактабда ўқишади, улар эрталаб ва тушликдан кейин таълим оладилар. Шунга қараб машғулот вақтларини белгилаб оламиз. Шу боис ҳозирча сизга аниқ маълумотларни айтмай турибманки, кўп нарса 7 ноябрь кунига боғлиқ. Болаларни ота-оналари билан гаплашамиз, кимга қандай қулай бўлишига қараб иш тутамиз ва уларнинг таклифлари бўлса ҳам эшитамиз.

бобур1_1

“Бошида ишонишмаган”

- Стадион барпо қилиш тарихига келадиган бўлсак, адашмасам, икки йил олдин маҳалламизда ташландиқ ер бор эди, эски стадион. Шунда Қува тумани ҳокимининг олдига кириб, таклифимни айтганимда бошида ишонишмаган. Кейин ер беришди, биринчи стадионни 2,5 - 3 ойда битказдик. Сўнг, кўришди ва ишонишди. Натижада яна бир ер берилди ва иккинчи стадионни ҳам қурдик. Биласиз, майдон қуришни ҳам ўзи бўлмайди. Бунга маблағ керак бўлади. Албатта, бошида юрадими-йўқми, деб ўйланасиз. Аммо яхши эффект бўляпти. Барибир водийда футболга қизиқиш бошқача. Кейинчалик шу ердан Суперлигада ўйнайдиган футболчилар чиқса хурсанд бўламиз.

бобур2_1

“Ҳаммаси 15 кун ичида тезлашиб кетди”

- Ҳозирча ўз номимда турибди. Аммо кейин ўзгартирамиз. Ҳаммаси яқин 15 кун ичида тезлашиб кетди. Хаёлимда албатта, футбол мактабини очишим керак, деган мақсад ўрнашиб қолганди. Кўпчиликдан маслаҳат олганимда ҳамма буни қўллаб-қувватлаганидан кейин ишни орқага чўзмасдан тезроқ ишга тушириш кераклигига ишонч ҳосил қилдим. Ҳозирча Бобур Йўлдошев футбол мактаби деб аталиб турилибди. Логотип ҳам ўйлаб топамиз. Алоҳида формалари бўлади. Албатта, футбол мактабини очганингиздан кейин бирданига ҳаммаси яхши бўлиб кетмайди. Керак бўлса, йиллар зарур. Кейинчалик бу борадаги режаларимиз катта, - дея фикрини якунлади Йўлдошев.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар