Биласизми, про-лига тўпурарига Суперлига етакчиларидан бири илгарироқ жиддий қизиқиш билдирган

“Нефтчи” клуби про-лигада ҳар томонлама тенгсиз жамоа эканлигини исботлади ва биринчи бўлиб барвақт Суперлига йўлланмасига эга чиқди. Шунга яраша жамоа таркиби ҳам маҳоратли ижрочилардан ташкил топди.

Айниқса, клубнинг сербиялик ҳужумчиси Марко Обрадович ҳақида илиқ фикрлар янграяпти. У мавсум давомида ҳозиргача рақиблар дарвозасига 12 та гол урди ва мусобақа тўпурар бўлиб турибди. Аслида голлари кўпроқ эди, аммо “Оқтепа”нинг мусобақадан чиқиб кетиши эвазига ушбу жамоа билан боғлиқ барча натижалар ҳам ўз кучини йўқотди.

Обрадович “Нефтчи”га мавсум бошида қўшилган бўлиб, шартномаси йил охиригача мўлжаллаган. Ушбу легионер ҳақида шуни айтишимиз мумкинки, у юртимизга илгарироқ ҳам келиши мумкин эди.

Гап шундаки, Sports.uz сайтига маълум бўлишича, Қаршининг “Насаф” клуби ўз вақтида Марко Обрадовичнинг хизматларига жиддий қизиқиш билдирган. Бироқ ҳужумчи ўшанда Қозоғистонга кетишни афзал кўрганди. Лекин тақдир тақозоси билан бу йилги мавсумни Ўзбекистонда ўтказди. Жорий биринчиликдан кейин унга яна аниқ таклифлар бўлса ажаб эмас.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)