"Бундай иддаолари учун уялиб қолсинлар" ёхуд Игорь Шквирин "Турон"нинг бешта турда Суперлигада қолишига ишоняпти. Қандай қилиб дейсизми?

Суперлига дебютанти – “Турон” кетма-кет мағлубиятлар эвазига элитада жон сақлаб қолиш вазифасини қийинлаштириб юборяпти. Яна бешта турдан кейин чемпионат тугайди. “Турон” эса ушбу ўйинлар давомида Суперлигада қолишнинг уддасидан чиқармикин? Бош мураббий Игорь Шквирин ҳозир шунинг устида бош қотирмоқда.

Sports.uz мухбири “Турон” устози билан суҳбатда жамоасининг тақдири борасида гап борди. Дарвоқе, яқинда “Шериф” клуби бош мураббийи Юрий Вернидуб сайтимиз мухбирига берган интервьюсида айнан Шквиринни яхши эслаши ҳақида айтиб ўтганди. Шунинг учун Игорь Анатольевичга дастлаб шу ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилдик.

- Игорь Анатольевич, “Шериф”нинг “Реал” устидан эришган шов-шувли ғалабасидан кейин Юрий Вернидубдан интервью олгандим. У суҳбат асносида сизни яхши билишини ҳам айтиб ўтди. Ўз навбатида, сизда қандай хотиралар қолган?

- Юрани мен ҳам яхши эслайман. У билан биринчи марта 1988 йили учрашгандим. Ўшанда биз ўринбосарлар жамоасида ўйнардик. Юрий Николаевич анча қобилиятли футболчи бўлган. Мураббий сифатида ҳам у энди ўзидан яхши таассурот қолдиряпти. Айтиш мумкин бўлса, у илгари қандай футболчи бўлган бўлса, мураббий сифатида ҳам худди шундай кўринмоқда. Юрада ички ҳиссиёт доим юқори бўлган. У шогирдларини ҳам қандай ўйнатишни билади. “Шериф” мураббий ўзини қандай тутса, шундай ўйин намойиш қилмоқда. Аксарият ҳолларда Юрий ўзини ҳиссиётларга берган ҳолда тутади. Бундай маҳалда жамоаси ҳам мана шу тарзда ўйин намойиш этишга киришиб кетади. “Шериф” чиндан ҳам чемпионлар лигасида катта шов-шув кўтариб юборди. Бу клуб дастлаб “Шахтёр”ни, сўнгра “Реал”ни доғда қолдиришга эришди. Маъжозий маънода ўхшатиш жоизки, мана шу ўйинларда Вернидубнинг шогирдлари ерни таталаб бўлса ҳам керакли натижани қўлга кирита олдилар. Жамоа футболчиларининг ўйинга бўлган тайёргарликлари ҳам ажойиб даражада кўринди. Мураббий қандай бўлса, унинг шогирдлари ҳам худди шундай кўринади. “Реал” билан “Шериф”ни бир-бирига таққослаш аҳмоқона иш бўларди. “Қироллик клуби”нинг таркиби юлдузлар билан тўлиб-тошган, ўз ўрнида умумий қийматлари ҳам ўта юқори. “Шериф”да эса бундай эмас. Бироқ ўйинчилар мураббийнинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда бемисл натижани қайд эта олдилар. Юрий Николаевич – бутунлай бошқа тоифадаги инсон. Унда собиқ Иттифоқ одами сифатлари сақланиб қолган. Шунинг учун бўлса керак, ўзидаги ички туйғу ва ўйинчилардан нималарни хоҳлаётганини уларга етказа олган кўринади. Бу ишни қандай қилган билмайман, чунки у ерда эмасдим. Уларга бундан кейин ҳам шу руҳда давом этишларини тилаш билан бирга эришган ғалабалари учун табриклаб қоламан. Айтишим керакки, тирасполликлар БАТЭдан ибрат олсалар ёмон бўлмасди. Чунки БАТЭ дастлабки икки ўйинда 100 фоизли натижа қайд этганидан сўнг, гуруҳ босқичини барбод қилиб ҳаммани ажаблантириб қўйганди. “Шериф”нинг гуруҳдан чиқиб олишини ва плей-оффда ўйнашини истайман.

шквирин3

- Юрий Вернидуб билан ўртангизда ҳозир ҳам алоқа борми?

- Ҳа, алоқа бор. Аммо телефон орқали эмас, балки интернет орқали бир-биримиз билан боғланиб турамиз. Охирги марта юзма-юз кўришганимиздан бери орадан 5-6 йил ўтиб кетди, чамамда. Бу учрашувимиз Туркияда бўлганди. Ўшанда “Краснодар” клубини шуғуллантиришга киришганди.

- Энди бевосита “Турон” ҳақида гаплашсак, бу клубда иш бошлаганингизда жамоа қаторасига беш ўйинда мағлубиятга учрамаганди. Аммо охирги олти ўйинда клуб фақат имкониятни бой бермоқда...”Турон”га нима бўлди?

- Ҳеч нарса юз бергани йўқ. Биринчи навбатда, биз савия бобида ўзимиздан анча устун турадиган жамоаларга қарши ўйнадик ва ютқазиб қўйдик. Қолаверса, уларнинг етакчи ўринларда бораётганларига саноқли кунлар бўлмаган. Ҳали олдинда бешта ўйин бор. Ҳаммаси бирданига ўзгариб кетиши мумкин. Биздан олдинги ўринларда бораётган “Сурхон” ва “Андижон” билан ўртадаги фарқ беш очкони ташкил этмоқда. Шундай бўлса-да, саросимага тушиш учун бирор-бир сабабни кўрмаяпман. Агар саросима ва ҳадик бошланар экан, ишлар ҳам ортга кетади. Вазиятдан чиқиб кетиш учун эса руҳиятни туширмай ишлаш даркор. Фурсатдан фойдаланган ҳолда ҳаммани хотиржамликка чақириб қоламан. Раҳбарият билан ўртамиздаги муносабат жойида. Аввало, қўл остимдаги футболчиларни саросимага тушиб қолмасликларига чақиряпман. Агар турнир жадвалидаги ҳолатимизга назар ташлайдиган бўлсак, вазият биз учун ўта ёмондек кўриниши тайин. Лекин олдинда турган бешта ўйинни яхши ўтказсак, ҳаммаси тубдан ўзгариб кетади. Биласиз, умид охирида сўнади, деган мақол футболда ўз исботини доим топиб келган. Умидни ҳеч қачон сўндирмаслик керак. Футболда севиш, ишонч ва умид қилиш каби жиҳатлар муҳим аҳамият касб этиб келган. Мана шу уч хислат уйғунлашса, ҳаммаси ўзгариб кетиши турган гап.

шквирин1

- Ёзги селекция чоғида клубга таклиф қилинган ўйинчилар ишончингизни оқлай олишмаяптими?

- Келинг, селекция масаласига тўхталмай қўя қолайлик. Чунки буни муҳокама қилишнинг мавриди эмас. Боз устига муҳокама қилишга киришиб кетадиган бўлсак, ички муҳитга путур етиши ва атрофда яна турли гап-сўзлар кўпайиб кетиши мумкин. Футболчилар 100 фоизга бўлмаса ҳам бизнинг ишончни ҳарқалай оқлашга ҳаракат қилишмоқда. Масалан, Муртазоев ва Абдураимовни олиш мумкин. Улар майдонга чиққан пайтда кўрсатмаларни бажаришга ҳаракат қилмоқдалар. “Пахтакор”га қарши ўтказилган учрашувдан кейин рақиб жамоа бош мураббийи Питер Хюистра шогирдларимнинг яхши ўйнаганликларини айтиш билан бирга ютуққа эришиш осон бўлмаганини таъкидлаб ўтди. Биздаги асосий муаммо шуки, ўйинлар чоғида хавфли вазиятларни юзага келтира оляпмиз, лекин улардан самарали фойдаланишда негадир омадимиз чопмаяпти. Бугунги кунда ўзимиз эга бўлиб турган вазиятлардан фойдалана олмаётганимиз панд бериб қўйяпти. Ёдингизда бўлса, охирги беллашувда “Қизилқум”га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида яратилган икки вазиятдан фойдалана олганимиздами, натижа ҳам бутунлай бошқача кўриниш ҳосил қиларди. Бахтга қарши футболчиларимизга омад кулмаяпти. Шундай бўлса ҳам умид қиламизки, Тошпўлатов ва бошқа ҳужумчиларимиз қолган охирги учрашувларда ўзларини кўрсата оладилар.

- Вазият оғир. Олдинда бешта тур қолди. Жамоанинг элитада жон сақлаб қолишига қанчалик ишонасиз?

- Бу саволингизга юқорида деярли жавоб бериб бўлдим. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда “Турон” етиб келди”, “Турон” элита билан хайрлашавер!” қабилидаги турли гап-сўзлар жуда кўпайиб кетди. Хоҳлардимки, мавсум охирига бориб бу каби кинояли изоҳларни қолдирган кишилар элитада жон сақлаб қолганимизни кўриб, бундай иддаолари учун уялиб қолсинлар. Ўз навбатида, мен шундай фикрларни билдирган кишиларга қуйидаги гапларни айтишни жуда истаган бўлардим: “Хўш, йигитлар, бундан беш тур олдин биз билан хайрлашишга улгургандингиз. Энди нима бўлди?”. Яна такрорлайман: бўлажак беш тур ўта жиддий синовга айланади. Кураш ҳам шунга яраша кечиб, кучлилар сафида қолиш учун энди тўрт эмас, балки бешта клуб курашади. Биласиз, “Металлург” ҳам қийин аҳволга тушиб қолди. Мен пессимист одамларнинг янглишганларини исботлаб беришни жуда истаган бўлардим. Чунки мен оптимистман. Имкон бор экан, охиригача курашишга ҳаракат қилишимиз тайин. Клуб раҳбарияти ўз вазифасини яхши бажараётганини, маошлар борасида ҳеч қандай муаммолар йўқлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истаган бўлардим.

шквирин2

- “Турон”нинг кейинги турдаги рақибларига эътибор қаратсак, бўлажак ўйинларда фақат “Бунёдкор”гина сизлар учун жиддий рақиб бўла олиши мумкиндек. Бу фикрга қўшиласизми?

- Агар фикрингизни хато тушунмаган бўлсам, бўлажак учрашувлар орасида “Бунёдкор” энг жиддийси демоқчисиз, шекилли-а?.. Бир томондан гапингизда жон бор. Негаки, “Бунёдкор” кучли учликдан жой олиш учун курашмоқда. Лекин мен қолган рақибларга қарши беллашувлар ҳам шунчаки ўтади, демаган бўлардим. Боиси, худди биз каби вазиятда турган рақиблар билан куч синашамиз. “Андижон” ва “Сурхон”ни уйда қабул қилсак, қолган иккита учрашувни сафарда ўтказамиз.

- “Андижон” “Пахтакор”ни, “Сурхон” эса “Навбаҳор”ни мағлуб этди. Энди ушбу жамоалар “Турон”дан беш очкога илгарилаб кетишган. Бундай сенсацион натижалардан ҳайрон қолдингизми?

- Ҳамма қатори биз учун ҳам бу кутилмаган натижалар бўлгани рост. Уйимизда “Сўғдиёна”ни ютганимиз ҳам кутилмаган натижа сифатида қабул қилинганди. Бундай кутилмаган ҳолатлар охирги турга қадар давом этади. Бизнинг вазифамиз эса ҳар бир ўйинда майдонга ғалаба қозониш ниятида тушиш бўлади холос. Келинг, мавсум охирини кутайлик, шунда ким яхши-ю, ким ёмонлиги ҳақида гаплашишимиз мумкин. Фақат сабр билан кутиш қолди холос.

шквирин4

- Фирдавс Чакалов сизнинг ишончингизни оқлай олмаяптими? Яна дарвозабон Низомиддин Зиёвутдинов ҳафсалангизни пир қилиб қўймадими?

- Саволингизнинг иккинчи қисмига жавоб беришдан бошласам. Бизда деярли тенг кучга эга иккита дарвозабон бор: Зиёвутдинов билан Ортиқов. Мен ўйин ғалаба билан тугаганда дарвозани қўриқлаган посбонни кейинги учрашувга ҳам тушириш тарафдори эмасман. Дарвозабонларни навбати билан майдонга туширишни маъқул кўраман. Боз устига бундай пайтда биз вазиятдан келиб чиққан ҳолда йўл тутиб, кимнинг қанақа ўйин кўрсатаётганига эътибор қаратгандан сўнг бир қарорга келамиз. Бундай паллада дарвозабонлар мураббийи билан маслаҳатлашиб, кимни майдонга тушириш кераклиги борасида хулоса чиқарамиз. Чакаловга келсак, ҳозирда у биз мураббийларда яхши таассурот қолдира олмаяпти. У Абдурашидовдан кучли эмас. Шу сабабдан ҳам кўпинча майдонга Абдурашидов тушяпти.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alihuja
08/10/2021 16:13
Омад тилайман! Инсон сифатида яхши инсон ва жуда фидокор мураббий!