"Бухоро" бегона майдонларда ўйнаб юраверадими? Даврон Файзиев яна жамоага қайтяптими? Клуб бош директори стадион масаласи ва ўзгаришлар ҳақида

“Бухоро” клуби ўтган йили Суперлигага чиқиш вазифасини уддалай олмаганди. Бунга етарлича сабаблар бор. Аммо энди бу хусусида яна тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз.

Бизни ўзига тортгани клубда яна ўзгаришлар давом этаётганидадир. Ўтган йилги муваффақиятсиз мавсумдан сўнг раҳбариятда ҳам, мураббийлар штабида ҳам янгиликлар кузатилди.

Декабрь ойининг бошларида клуб бош директори сифатида Ўткир Олимович Қодиров иш бошлади. У клубни Суперлигага қайтариш йўлида астойдил ишга киришди. Sports.uz мухбирига аввало кўрилаётган тайёргарлик ва режалар ҳақида ўртоқлашди.

- Олдимиздаги биринчи мақсад, “Бухоро” жамоасини Суперлигага олиб чиқиш. Ниятимиз жиддий. Биласиз, янги мураббий тайинлаганмиз, селекция ишларини ҳам олиб боряпмиз. 13 январь куни биринчи назорат учрашувини “Насаф”га қарши ўтказамиз. Ундан кейин қишки ўқув-машғулот йиғинимизни Тошкентда ўтказамиз. 16 январь куни “Нефтчи” жамоаси билан ўртоқлик ўйинимиз бор. 20 январда эса, “Сўғдиёна” билан ҳам ўйин ўтказиш бўйича келишиб қўйганмиз. Кейинчалик Қаршида ҳоким кубоги турнири бўлиб ўтади. Агар ҳаммаси аниқ бўлса, Тошкентдаги йиғинимизни тугатиб, 22 январда Қаршига борамиз. “Насаф”, “Машъал”, “Шўртан”, “Қизилқум”, “Динамо”, “Хоразм” каби жамоалар қатнашаркан, менимча ажойиб турнир бўлади. Биз ҳам мусобақада иштирок этмоқчимиз. Мақсадларимиз олий, жамоани Суперлигага олиб чиқмасак бўлмайди. Бу қанчалик қийин бўлмасин, ортга чекинмаймиз. Шунга яраша ҳамма жон куйдириб ишлаяпти.

Жамоамизда янги футболчилар бор. Ўтган йили “Динамо”да тўп сурган ва тўпурар бўлган Рўзимбой Аҳмедов, шунингдек, Сардор Эминов, Обид Жўрабоев, Жасур Ҳасанов каби футболчилар қўшилган. “Машъал”дан Жамолиддин Убайдуллаевни ҳам чақирдик. Тожикистонда тўп сурган Хуршид Олимовни ҳам жалб қилганмиз. Шавкат Саломов эса бизнинг асосий ўйинчимиз. Бухоро футболининг юлдузи ҳисобланади. Украина чемпионатида ўйнаган икки нафар легионер ҳам тез орада таркибга қўшилишади. Куни кеча сербиялик дарвозабон келди. Собит Синдаровни ҳам ўз остимизга олиб қўйганмиз. Яна айрим футболчилар билан ҳам гаплашиб қўйганмиз.

қодиров1

Декабрь ойининг ўрталарида “Бухоро”га Ҳаким Фузайлов бош мураббий этиб тайинланди. Раҳбарият тожикистонлик мутахассисга ишонч билдиришди. Ҳозирда мураббий қизғин иш жараёнида. Клуб бош директори нима учун ушбу мураббий таклиф қилингани ҳақида гапирди.

- Албатта, бош мураббий масаласида 3-4 та вариантларимиз бор эди. Мен Ҳаким Қаюмович номзодини берганимдан кейин раҳбариятга ҳам бу вариант маъқул келди. Чунки Фузайлов “Динамо”ни Суперлигага олиб чиқди. Ўз вақтида кучли жамоаларда ишлаган, тажрибасини инобатга олиб, жамоага таклиф қилдик ва ишонч билдирдик. Мураббий ҳам “Динамо”ни олиб чиқдим, энди навбат “Бухоро”га ва клубни Суперлигага қайтарамиз, дея ваъда берди. Мураббий билан бир йилга шартнома туздик. Ҳамма футболчилар билан иложи борича бир йиллик шартномалар қиламиз. Лекин 17-19 ёшли ўйинчиларимиз билан 2-3 йиллик шартномалар имзолаймиз.

Аммо клубда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар бор. Айниқса, “Бухоро”нинг уй стадиони ҳалигача фойдаланишга топширилмаган. Жамоа эса чемпионат давомида сарсон бўлиб юрди. Ҳалигача асосий стадион чими тайёр бўлмаган. Хўш, қачон бу масала ҳал қилинади ёки “Бухоро” жамоаси яна бегона майдонларда ўйнаб юрадими?

- Ўринли савол бердингиз. Клубда иш бошлашимдан аввал раҳбарлар билан гаплашганимда ҳам стадион масаласини ўртага ташлагандим. Майдон сифатини яхшилаш учун ҳамма бунга жиддий қараяпти. Қайтадан реконструкцияни бошлаб юборганмиз. Катта бир ишчи жамоа стадионда кенг кўламли ишларни олиб боришяпти. Насиб бўлса, 21 март наврўз байрамига стадион очилишини ўтказиш режамизда бор. Худо хоҳласа, бу йилги мавсумни ўз майдонимизда ўтказамиз, деб ният қилиб қоламан, - дея жавоб берди Ўткир Қодиров.

Шунингдек, ҳар йили клубда айниқса, раҳбарият ва мураббийлар тизимида турли ўзгаришлар юз бераверади. Йил давомида бир нечтаси келиб-кетганига гувоҳ бўламиз. Бундай омиллар ҳам клубнинг натижаларига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Ўз навбатида, бош директор шу масалага ҳам тўхталар экан, эътиборимизни тортадиган бир жиҳатга тўхталди.

қодиров2 

- Клубда раҳбариятнинг тез-тез алмашиши менинг қўлимда эмас. Ким қандай камчиликка йўл қўйган бўлса, ҳар ким жавобини беради. Лекин менга ишонч билдиришганида ҳаммамиз биргаликда клубни Суперлигага олиб чиқишимиз асосий вазифамизга айланган.

Мураббийларни алмаштиравериш ҳам яхши эмас. Ўтган йили дастлаб Даврон Файзиевга жамоа ишониб топширилди. Ажойиб мутахассис, ўз вақтида яхши ўйинчи бўлган. Бу мураббийни яна жамоамизга таклиф қилиш режамда бор. Яширмайман, у билан алоқада бўлдик. “Бухоро”да ишлаган чоғида Давроннинг хатоси йўқ, буни ўзига ҳам айтдим. Вазифа бажарилмай қолишида эса Файзиев айбдор эмас. Уни “Қўқон-1912” билан шартномаси бор ёки йўқлигидан хабарим йўқ. Лекин Даврон Файзиев билан гаплашганмиз. Агар ҳаммаси режа бўйича кетса, Ҳаким Қаюмовичга ёрдамчи бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шунингдек, ўтган йили клуб номи ҳам ўзгарган бўлиб, олдинги “Нурафшон” дея юритила бошланди. Бу йил эса клуб яна “Бухоро” номига қайтарилди. Бу кимдан чиққан ташаббус, нима сабабдан яна номи ўзгартирилди? Бош директор шу масалага ҳам жавоб берди.

- Ўзим Бухоро фарзандиман. Клубда илк иш бошлаган кунимданоқ ё “Нурафшон” номида қолиш ёки “Бухоро”га қайтиш ҳақида ўйлагандим. Бир ўзим қарор чиқармаслик учун сўровнома ўтказдик. Бухоро халқи қандай фикрда? Сўровнома ўтказган пайтимизда 52 фоиз мухлислар “Бухоро” номини хоҳладилар. Кейин биз кенгаш ўтказдик. Футбол фахрийлари, собиқ ўйинчилар ва раҳбарлар билан учрашиб, уларнинг ҳам фикрларини ўргандик ва якунда “Бухоро” номига қайтдик.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!